ЎзА Ўзбек

02.08.2020 Чоп этиш версияси

Шуҳратбек Абдураҳмонов: "Уч ойлик дори-дармонлар захираси яратилган, хавотирга ўрин йўқ"

Шуҳратбек Абдураҳмонов: "Уч ойлик дори-дармонлар захираси яратилган, хавотирга ўрин йўқ"

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов томонидан ўтказилган брифингда журналистларга коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали кўрсатилаётган ёрдамлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.

Касалликка чалинганларнинг 84 фоизи бутунлай соғайди.

Шу йил март ойидан бошлаб жорий этилган карантин даврида Андижон вилоятида 976 нафар фуқаро коронавирус хасталигига чалинди. Уларнинг 40 фоизи “Дўстлик” чегара божхона пости орқали қабул қилинганларни ташкил этади. Шифокорлар саъй-ҳаракати билан беморларнинг 821 нафари, яъни 84 фоизи буткул соғайди. Ҳозирда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 155 бемор даволанмоқда. Уларнинг тўрт нафари оғир ҳолатда, 8 нафари ўрта оғир, қолган 143 кишининг аҳволи қониқарли, деб баҳоланмоқда.

Вирус қайд этилган даврдан бошлаб биргина беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмади. Боиси инфекцияга чалинган инсонда сурункали соматик хасталиклар бўлган.

Вилоят ҳокими аҳолига яна бир бор мурожаат қилиб, хасталикнинг илк аломатлари сезилганда ўз ҳудудидаги поликлиника, қишлоқ врачлик пункти, оилавий поликлиника ёки “103” тез ёрдам хизматига мурожаат қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Зеро, касаллик қанча эрта аниқланса, даволаш шунча осон кечади. Вилоятдаги даволаш муассасаларида хасталикни даволаш учун шарт-шароитлар яратилган, зарур воситалар ҳамда малакали мутахассислар билан таъминланган.

Сўнгги беш кунлик статистика касалланиш ҳолатлари кескин камайганини кўрсатмоқда. Янги аниқланган ҳолатлар аввалдан тахмин қилинган ҳудудларга тўғри келиши вазият назоратда, вируснинг янги ўчоқлари пайдо бўлмаётганидан далолатдир.

Уч ойлик дори-дармон заҳираси яратилган. Хавотирга ўрин йўқ

Вилоятда юқумли касалликлар ва коронавирус пандемиясида зарур бўлган 49 номдаги дори воситаларининг уч ойлик заҳираси яратилган. 16 та улгуржи омборлар ва 1 минг 245 та дорихона мавжуд бўлиб, уларнинг фаолияти назоратга олинган. Тақчиллик ёки нархнинг асоссиз ортиб кетишига йўл қўйилмайди. Вилоятда фаолият кўрсатаётган «Макро фарм Андижан» ва «Гранд фарм трейд» МЧЖларда зарур дори воситалари етарли миқдорда ишлаб чиқарилмоқда.

“103” хизматига бир кеча кундузда 3700 тагача чақирув қайд этилмоқда

Вилоятда бир кеча кундузда “103” хизматига ўртача 3600-3700 чақирув қайд этилмоқда. Мурожаат қилганларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш учун 239 та бригада тузилган. Барча бригадаларга “Дамас” русумли махсус жиҳозланган автомашиналари бириктирилган. Пандемия бўйича фавқулотда ҳолат юзага келиш эҳтимоли назарда тутилиб, қўшимча равишда малакали шифокорлар, операторлар, ҳайдовчилар, транспорт воситалари захираси шакллантирилмоқда.

Шу ўринда вилоят ҳокими томонидан аҳолидан асоссиз равишда мурожаат қилмаслик лозимлиги, касаллик аломатлари сезилганда “103” хизмати билан бир қаторда фуқаролар ўзларининг яшаш ҳудудидаги даволаш-профилактика муассасалари (поликлиника, ҚВП, ҚОП) хизматидан фойдаланишлари мумкинлиги қайд этилди.

10 та объектда қўшимча жойлар тайёрлаб қўйилган

Мутахассисларнинг тахминларига кўра, пандемиянинг иккинчи тўлқини куз ва қиш ойларига тўғри келади. У қай даражада бўлиши ҳам номаълум. Испания, Хитой ва Россияда вакцина яратилгани ҳақида хабарлар тарқаган бўлса-да, самараси ва оммавий қўллаш имконияти тўғрисида бир тўхтамга келинмаган. Шу боис, ҳозирдан зарур эҳтиёт чоралари кўриш тақозо этилади. Президент ва ҳукумат топшириғига асосан бу борада вилоят миқёсида қўшимча чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, 17 та давлат ва хусусий шифохонада 2 минг 590 та бемор учун стационар жой тайёрланди. Аксарият ҳолларда ўлим оқибатларига пневмония сабаб бўлаётгани инобатга олиниб, палаталарга кислород етказиш ускуналари ўрнатилди. Бу борадаги ишлар бешинчи августга қадар тўла якунланади.

Бундан ташқари, 10 та объектда 1 минг 823 та беморга мўлжалланган қўшимча жойлар ҳозирлаб қўйилди. Шунингдек, сиҳатгоҳлар, ётоқхоналар ва ёзги оромгоҳларда 10 минг 200 та жой ажратилиб, зарур даражадаги тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.


Тайёргарлик доирасидаги ажратилган жойлар ҳисоб-китоби, шубаҳасиз, пандемия кўлами шу даражага етиб боради, дегани эмас. Бу фақат зарур эҳтиёт чораларидир. Энг муҳими, бугун ҳар биримиз карантин, касаллик юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган барча тартиб ва қоидаларга қатъий амал қилишимиз лозим.

Шифокорларга миннатдорчилик билдирилди

Бир неча ойдирки, андижонлик шифокорлар “COVID-19” хасталиги билан астойдил курашмоқда. Вилоят ҳокими бурчига содиқ, фидойи шифокорлар меҳнатини алоҳида эътироф этиб, уларга ўз миннатдорлигини билдирди, ҳар қандай вазиятда ҳам улар иш жойларини тарк этмай, сидқидилдан меҳнат қилишларига ишонч билдирди.

Беморларни қабул қилишга тайёрланган захира муассасалар учун махсус малакага эга врачлар тайёрлаш бошланган. Андижон давлат тиббиёт институтида врачлар учун малака ошириш курслари ташкил этди. Бугунги кунга қадар 677 нафар шифокор-инфекционист, пульмонолог ўқитилди, 1 минг 500 нафарга яқин ўрта тиббиёт ходими босқичма-босқич тайёргарликдан ўтмоқда.

Экспресс-тест натижалари 10 дақиқада маълум бўлади

Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ҳамда спидга қарши кураш марказларида коронавирусга тест олиниб, таҳлил қилинмоқда. Бу – ёрдам кўрсатиш зарур бўлган, касаллик аломатлари аниқланган беморларга мўлжалланган. Шунингдек, вилоятдаги учта хусусий шифохонада тест олиш ва текшириш йўлга қўйилди. Коронавирус бўйича текширувдан ўтиш истагидаги фуқаролар мазкур муассасаларга мурожаат қилишлари мумкин. Ҳозирда 20 кунга етадиган тест захираси яратилган. Бу режа асосда кўпайтириб борилади.

Бундан ташқари, тадбиркорлар томонидан Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган 10 мингта экспресс-тестлар келтирилган. Натижалари 10 дақиқада маълум бўлади.

“Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан 6,5 миллиард сўмлик озиқ-овқат ва дори-дармонлар тарқатилди.

Брифингда вилоят ҳокими “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали кўрсатилаётган ёрдамлар ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этди. Жумладан, эҳтиёжманд ва кам таъминланган 31 минг оилага 15 мартдан ҳозирга қадар 6,5 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар берилганлигини қайд этди.

Президент қарори билан андижонликларга шу мақсадлар учун яна 10 миллиард сўм ажратилди. Қийналган, эҳтиёжманд оилалар учун озиқ-овқат, дори воситалари кўринишида, керак бўлса, нақд пул кўринишида ёрдам кўрсатилади. Ажратилаётган ёрдамнинг манзилли етиб боришига маҳалла раислари, депутатлар ҳамда сектор раҳбарлари масъул. Бу борада кенг жамоатчилик назорати ҳам йўлга қўйилади.

Андижон шаҳри ҳамда шаҳар ва туманларда ташкил этилган Call-марказлар фаолияти давом этмоқда. Мурожаатлар ҳар куни 9.00 дан 17.00 гача қабул қилинмоқда. Бу ишга жами 470 нафар волонтёр ёшлар жалб қилинган.

4 102
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА