ЎзА Ўзбек

29.07.2020 Чоп этиш версияси

Шуҳратбек Абдураҳмонов: одамлар ҳаётидан рози бўлиб яшаши керак

Шуҳратбек Абдураҳмонов: одамлар ҳаётидан рози бўлиб яшаши керак

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон шаҳар ва Олтинкўл туманидаги қатор маҳаллаларнинг йўл ҳамда коммунал инфратузилмалари ҳолати, қурилиш, ободонлаштириш ишлари билан танишди.

Вилоят ҳокими ташаббуси билан вилоят марказидаги Фаробий, Ҳамдўстлик, Мустақилликнинг 21 йиллиги, Сарвонтепа ҳамда Олтинкўл туманининг Кўмакай, Ойшахоним, Чўнтак, Далварзин, Янги чек маҳаллалари йўл ва коммунал инфратузилмалари тубдан яхшиланмоқда. Бунинг учун маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағ ажратилди. 

photo5265215861914972133.jpg  

Таъкидлаш жоизки, юқорида қайд этилган маҳаллалардаги йўллар, коммунал инфратузилманинг аксарият қисми қарийб 30 йил аввал барпо этилган, таъмирланган. Ана шу йиллар давомида йўл ва коммунал инфратузилма ҳолати аҳолининг ўз кучи ва маблағи ҳисобидан таъмирлаб келинган. Бироқ кейинги ўн йиллар давомида қаровсиз қолиб, улар ачинарли ҳолатга тушиб қолган, турли ноқулайликлар туғдириб, аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди.

Ана шундан келиб чиқиб, вилоят ҳокими ташаббуси билан жорий йил бошидан маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилган маблағ эвазига мазкур 9 та маҳаллада электр, табиий газ, ичимлик ва оқава сув тизимини янгилашга киришилди. Вилоят ҳокими бу борада олиб борилаётган ишлар билан танишиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, белгиланган ишларни сифатли ва ўз муддатида бажариш зарурлигини қайд этди. 

photo5265215861914972130.jpg  

Маҳаллаларда белгиланган ишлар ҳозирга қадар 70-80 фоизга бажарилган. Масалан Фаробий маҳалласида электр таъминотини яхшилаш учун яна темир-бетон устунлар ўрнатиш, маҳаллалардаги 47 та кўчадан 10 тасини асфальтлаш зарур.

– Маҳалламизда 1 минг 240 та хонадонда 7,5 минг нафар фуқаро яшайди, – дейди Олтинкўл тумани Далварзин маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тоҳиржон Солиев. – Режалаштирилган 12 километр ички кўчалардан 8 километри асфальтланди. 

photo5265215861914972132.jpg

Бир неча ўн йиллар давомида асфальтланмаган кўчалар асфальтланиб, обод бўлаётганидан, умуман, Андижондаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларидан маҳалла аҳли беҳад хурсанд.

Вилоят ҳокими бу борада белгиланган ишларни ўз вақтида, сифатли якунлаш бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарларига зарур топшириқ ва тавсиялар берди. Халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, одамларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

4 084
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА