ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

ШУҲРАТ ҒАНИЕВ: Қўқон шаҳри жаҳон ҳунармандчилик харитасидан муносиб ўрин эгаллайди

ШУҲРАТ ҒАНИЕВ: Қўқон шаҳри жаҳон ҳунармандчилик харитасидан муносиб ўрин эгаллайди


Бугун Ўзбекистон яна бир нуфузли анжуманга мезбонлик қилмоқда. Кўҳна ва навқирон Қўқон шаҳрида илк бор халқаро ҳунармандчилик фестивали бошланди.

Шу муносабат билан ЎзА мухбири Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат ҒАНИЕВ билан эксклюзив суҳбат қилди.

– Шуҳрат Мадаминович, халқаро миқёсдаги мазкур фестивалга тайёргарлик ишлари қандай олиб борилди?

Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда номоддий меросни асраб-авайлашга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодаси бўлди. Айниқса, мазкур тадбирнинг Қўқон шаҳрида ўтказилиши фарғоналикларни беҳад мамнун қилмоқда. Юртимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу байрам кенг миқёсли бўлиб, унда дунёнинг 85 мамлакатидан давлат ва жамоат арбоблари, устазода ҳунармандлар, халқ амалий санъати усталари, мутахассислар, соҳа олимлари, фахрий меҳмонлар, маданият ва санъат соҳаси вакиллари иштирок этмоқда. Шунингдек, фестивалда қўшни Тожикистон ва Қирғизистон давлатларидан ҳам кўплаб меҳмонлар иштирок этаётгани қувонарлидир.

Бугунги кунда Қўқон шаҳрида халқаро ҳунармандчилик фестивалини юқори савияда ўтказиш учун барча тайёргарлик ишлари тўлиқ якунланди. Маҳаллаларни, кўча ва хиёбонларни ободонлаштиришга муҳим эътибор қаратилиб, шаҳар бутунлай янги қиёфага кирди. Хорижий меҳмонлар ва фестиваль иштирокчилари ташриф буюриши кўзда тутилган 12 тарихий обида таъмирланди. Шунингдек, Қўқон миллий ҳунармандчилиги намояндаларининг 20 дан ортиқ уй-устахоналари, 4 маданий дам олиш маскани фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар учун тайёрланди. Худоёрхон Ўрдаси майдонида фестивалнинг асосий тадбирлари бўлиб ўтади. Майдонда саҳна ва амфитеатр барпо этилди. Хорижлик ҳунармандлар, вилоятлар вакиллари ўз санъат асарларини намойиш этиши учун алоҳида жойлар ажратилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, фестиваль иштирокчиси бўлган 570 дан зиёд хорижий ҳунармандлар ва 2 мингга яқин маҳаллий иштирокчилар учун 10 меҳмонхона янгитдан қурилиб, фойдаланишга топширилди. 100 дан зиёд уй-меҳмонхоналар ташкил этилди.

– Мазкур халқаро фестивални ўтказиш учун Қўқон шаҳри танланди. Нега бундай қарорга келинган, деб ўйлайсиз?

– Ҳунармандчилик барча халқларга хос бўлган маданий мерос ҳисобланади. Ҳар бир уста ҳунарманд тайёрлаган маҳсулот қўл меҳнати ва юрак қўри билан яратилади. Шунинг учун ҳам илк бор ўтказилаётган халқаро ҳунармандчилик фестивали барча халқларни бирлаштирадиган дўстлик ва ҳамжиҳатлик байрамидир.

Бу фестивалнинг ҳар икки йилда бир марта Қўқон шаҳрида ўтказилиши замирида ҳам ўзига хос маъно мужассам. Зеро, Фарғона – азалдан уста ҳунармандлар юрти. Бугун вилоятимизда ҳунармандчиликнинг барча йўналишлари бўйича 4 мингдан ортиқ ҳунарманд устахоналари фаолият олиб бормоқда. Улар орасида ўз мактабига эга сулолалар, мамлакатимиз ва халқаро миқёсда ўтказиладиган турли кўргазмалару фестиваллар иштирокчилари, давлат мукофотлари соҳиблари бор.

Қўқон ҳунармандчилиги ҳам ўзига хос тарихи, услуб ва анъаналарига эга бўлиб, ҳозирги кунда шаҳарда миллий ҳунармандчиликнинг 30 га яқин тури кенг ривожланган. Бугун латиф шаҳарда қарийб 400 уста ота-боболаридан мерос ҳунарнинг авлоддан-авлодга ўтишини таъминламоқда. Масалан, Ўзбекистон Қаҳрамони, ёғоч ўймакори Абдуғани Абдуллаевнинг миллий ҳунармандчилик ривожига қўшган ҳиссасини барчамиз юксак қадрлаймиз. Бугунги кунда пичоқчи Ҳасанжон Умаров, ёғоч ўймакор уста Муҳаммадали Юнусов кабилар эл эъзозини топган.

Бу фестивалдаги яна бир тарихий воқеа шундаки, Жаҳон ҳунармандчилик кенгашининг 2019 йил 23 июлдаги қарорига кўра, Қўқон шаҳрига Ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилди. Шу кунгача жаҳоннинг 36 шаҳри шундай юксак мақомга сазовор бўлган. Қўқон эса МДҲ давлатлари ичида биринчи бўлиб ушбу рўйхатга киритилди.

– Фарғона вилоятида ҳунармандчиликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Давлатимиз раҳбари жорий йил 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Қўштепа туманидаги “Ипак гиламлар” корхонасида ҳам бўлиб, унинг фаолиятини янада кенгайтириш, бу ерни Фарғона туризм йўналишига киритиш, Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларда расталарини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Мазкур топшириқ асосида белгиланган вазифалар ижроси таъминланиб, хотин-қизлар учун кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Бу ерда тайёрланаётган ўзбек гиламларининг харидори ташқи бозорда ҳам тобора кўпаймоқда.

Биргина ўтган йили 12 турдаги 4,7 миллион долларлик ҳунармандчилик маҳсулотлари хорижга экспорт қилинди. Жорий йилда ҳам ҳунармандчиликни янада ривожлантириш мақсадида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ҳозирда умумий қиймати 31,2 миллиард сўмлик 731 қўшимча лойиҳанинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Ҳунармандчилик маҳсулотлари экспорти ҳажмини 2,2 баробар ошириб, 10 миллион долларга етказиш ҳаракатидамиз. “Уста-шогирд” мактаби анъаналари асосида шогирдлар тайёрлаш ва лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 7 мингдан зиёд фуқаро бандлиги таъминланади. Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон, Бувайда туманларида “Ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари”ни ишга тушириш, бу орқали вилоятимизнинг туризм салоҳиятини юксалтириш белгилаб олинган.

– Маълумки, Марғилонда барча оилаларда фарзанд ёшлигидан қайсидир ҳунарга ўргатилади. Бу минг йиллардан буён давом этиб келаётган анъана. Сиз ёшлигингизда қайси ҳунарга қизиқар эдингиз?

– Ёшлигимдан дурадгорлик ва ёғоч ўймакорлигига қизиқиб, бўш вақтимда бу ҳунарни ўрганишга ҳаракат қилганман. Ўша пайтдаги дурадгорлик асбоб-анжомлари ва ўзим ясаган ўймакорлик буюмлари уйимизда ҳали ҳам сақланади. Фарзандларимга ҳам доим бирор ҳунар ўрганишни уқтираман.

– Илгари Ўзбекистонга хорижий журналистлар келишига воқеа сифатида қаралар эди. Шу йилнинг ўзида Шаҳрисабз, Самарқанд, Марғилон анжуманларида ўнлаб мамлакатларнинг ОАВ вакиллари иштирок этди. Билишимизча, Қўқонга дунёнинг 40 дан зиёд таниқли журналистлари ташриф буюрар экан. Сизнингча, Ўзбекистонга, жумладан, Қўқонга уларнинг бу қадар катта қизиқиши сабаби нимада?

Ўзбек ҳунармандлари дунёнинг етти мўъжизаси саналган Тожмаҳал бунёд этилишида ҳам муносиб ҳисса қўшгани тарихдан яхши маълум. Бугун ҳам бу анъана давом этиб, ҳунармандларимиз Хитойнинг Пекин шаҳрида, Беларусь ва бошқа кўплаб давлатларда бунёд этилаётган бино ва иншоотлар қурилишида фаол иштирок этмоқда. Ана шу қўли гул уста ҳунармандлар ишини кўрган ҳар қандай хорижлик, албатта, юртимизга ташриф буюришни ният қилади. Бир мисол. Саудия Арабистонидаги нуфузли “Ар-Риёд” газетаси бош муҳаррири фестивалда қатнашиш истагини билдиргани ҳам хорижликларнинг Ўзбекистонга, унинг маданий-тарихий меросига бўлган қизиқишининг яққол ифодасидир.

ОАВ вакиллари фестиваль тадбирларидан ташқари, вилоятимиз мисолида мамлакатимиздаги ислоҳотлар билан яқиндан танишади. Кенг кўламли бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўлади. Бу, албатта, юртимиз довруғини янада юксалтириш, туризм салоҳиятини намойиш этишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўйлайманки, мазкур фестиваль номоддий меросни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш борасида халқимизнинг, жаҳон ҳунармандларининг катта шодиёнасига айланади.


7 440
ЎзА мухбири Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ суҳбатлашди.