ЎзА Ўзбек

27.02.2020 Чоп этиш версияси

Шуҳрат Ғаниев: Биз самарали, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдормиз

Шуҳрат Ғаниев: Биз самарали, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдормиз

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошлигидаги делегация Россия Федерациясининг Красноярск, Пермь ўлкасида бўлиб, турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида келишувларга эришди.

Делегация дастлаб Красноярск ўлкаси губернатори Александр Усс ҳамда тадбиркорлар билан мулоқотда бўлди. Учрашув чоғида икки ҳудуд ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий, илмий-техникавий, қишлоқ хўжалиги ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Фарғонада етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми Красноярск ўлкасига экспорт қилинади. Красноярск шаҳрида фарғоналик тадбиркорларнинг улгуржи-тақсимлаш маркази қурилиб, ишга туширилиши режалаштирилган. Бу Фарғона вилоятидан ўлкага юбориладиган мева-сабзавот, енгил саноат маҳсулотлари улгуржи омбори бўлади. Шу ердан улар ўлка туман-шаҳарларига тарқатилади. Келишувга асосан, Красноярск ўлкасига Фарғонанинг сархил мевалари билан бирга пахта толасидан ишлаб чиқарилган тўқимачилик саноати корхоналари маҳсулотлари келтирилади.

Ташриф доирасида Фарғона вилоятидан 50 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича битим имзоланди.
Тадбиркорларга мамлакатимизда яратилган қулай тадбиркорлик ва инвестиция муҳити, хорижий ишбилармонлар учун қўлланилаётган қатор имтиёзлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш кафолатлари, эркин иқтисодий зоналар ҳақида маълумот берилди.

Вилоят делегацияси мазкур ўлкага қилган амалий сафари давомида 180 миллион долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича шартнома имзолади. Шунингдек, таълим, ижтимоий-маданий соҳаларда ҳам манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилиб, Ўзбекистонда Сибир федерал университетининг кон ишлари, геология ва геотехнология институтининг филиали очилади.

Мазкур ўлкада истиқомат қилаётган ватандошлар билан бўлиб ўтган мулоқот ҳам самарали кечди.

Делегация аъзолари “Morion Digital” технопарки, “Promobot”, “Itps” “Инкаб” компаниялари ва бошқа бир неча ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишди.

Пермь ўлкасида бўлиб ўтган учрашувларда икки томонлама манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Айни вақтда вилоят делегациясининг сафари давом этмоқда.

1 990
М. СУЛАЙМОНОВ, ЎзА