Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

02.08.2018 12:16 Чоп этиш версияси

Шу пайтгача китобхонликка дахлдор қарор чиқарган давлат раҳбари бўлмаган

Шу пайтгача китобхонликка дахлдор қарор чиқарган давлат раҳбари бўлмаган

Атиги бир йилнинг у ёқ-бу ёғида юртимиз “Китоблар мамлакати”га айланди...

Президентимизнинг 2017 йил 3 август куни ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашуви том маънода тарихий воқеа бўлди. Адабиёт, санъат, маънавиятга тааллуқли барча соҳалар фаолиятида туб бурилиш, янгиланиш даврини бошлаб берди. Ҳамма ўз ишига, фаолиятига мутлақо янги, ҳаётий реаллик, миллат руҳи, шаъни ва шавкати мезонларидан қараб ёндаша бошлади.

Президентимиз қаерга борса, вилоятлар, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ва санъат даргоҳлари бўлсин, албатта, кутубхоналарга кириб, ҳаммани китоб ўқишга тарғиб қилади. “Китобсиз – келажак йўқ” деган гаплари аллақачон даъватга айланиб бўлди. Ҳатто айрим газеталаримиз бу гапни ўзларига шиор қилиб олди. Атиги бир йилнинг у ёқ-бу ёғида юртимиз “Китоблар мамлакати”га айланди. Дунё тарихида шу пайтгача китоб ва китобхонликка дахлдор давлат миқёсида қарор чиқарган раҳбар бўлмаган экан.

Мени китобга алоқадор бир мутахассис сифатида яна шу нарса қизиқтирадики, қурилаётган янги уйлар, массивлар, ҳатто бошқа йўналишлардаги иншоотларда ҳам кутубхона, китоб дўконлари учун жой ажратилмоқда.

Ўша тарихий учрашувда Президентимиз барча соҳалар қатори ноширлик-матбаачилик масалаларига ҳам алоҳида тўхталди. Соҳани ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини кучайтириш, энг муҳими, халқимизнинг маънавий дунёсини бойитадиган, савияси, руҳиятини кўтарадиган, ёшларни ватанпарварлик, фидойиликка чорлайдиган китоблар чоп этиш бўйича топшириқлар берди. Бу борада таъбир жоиз бўлса, “Ижтимоий буюртма” мақомидаги янги асарлар яратиш ва чоп этиш лозимлигини таъкидлади. Матбуот ва ахборот агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси буюртмалари асосида замондошларимизнинг ҳаёти, фаолияти, фидойи меҳнати тараннум этилган кўплаб янги китоблар чоп этилмоқда ва улар бугун-эрта ўқувчилар қўлига етиб боради.

Аҳрор Аҳмедов,
“Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик
компанияси бош муҳаррири

ЎзА