ЎзА Ўзбек

26.08.2020 Чоп этиш версияси

“Шон-шараф йўли” туристик йўналишини тиклаш зарур

“Шон-шараф йўли” туристик йўналишини тиклаш зарур

Туризм нафақат иқтисодиётнинг етакчи тармоғи, балки инсон маънавиятини юксалтирувчи куч ҳамдир. Туризм ёш авлодни жисмонан баркамол, маънавий етук, миллий ифтихор ва ғурурни шакллантирувчи омил сифатида эътирофга лойиқ.

Туризм турлари ичида энг оммалашган тур сифатида тарихий-маданий туризм турини эътироф этсак, унинг алоҳида йўналиши сифатида соғинч туризми муҳим аҳамиятга эга.

Фарғона архиви сақловидаги 1160 фондга тегишли “Фарғона вилояти тарихий ва маданий объектларни муҳофаза қилиш жамияти” ҳужжатларида “Шон-шуҳрат йўли” туристик йўналиши ҳақида кўплаб маълумотлар берилган. Жумладан, жамиятнинг Киров район бўлими 1972 йилги ярим йиллик ҳисоботларида фаол ёшлар ҳамда уруш ва меҳнат фахрийларининг “Шон-шуҳрат йўллари” бўйлаб ҳаракатланган жанговар маршрутлари ҳақида ахборот берилган.

Шунингдек, Фарғона архивида сақланаётган мазкур фондга тегишли ҳужжатнинг бошқа бир қисмида эса 9 май – Ғалаба байрами кунига бағишланган тантанали “Шон-шуҳрат йўллари” бўйлаб Киров райони фахри бўлган моҳир разведкачи С.Валиев бюсти ўрнатилганлиги ҳамда саёҳатлар давомида фаол ёшларнинг бюст олдида қаҳрамон каби қўрқмас, жасур бўлишликка қасамёд қилганликлари баён қилинган.

Мазкур ҳужжатда Иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган, қирғинбарот жангларида ўзининг моҳир разведкачи эканлиги билан ғалабага улкан ҳисса қўшган С.Валиев Совет иттифоқи қаҳрамонлигига тавсия этилганлиги, бироқ айрим сабабларга кўра унвон берилмай қолганлиги қайд этилган.

Олтинга тенг ушбу архив ҳужжатларидан кўриниб турибдики, фронтда матонат ва жасорат кўрсатиб, Совет иттифоқи қаҳрамони унвонига муносиб ҳамюртларимиз етарлича топилган.

Бундан ташқари, 1977 йилга тегишли мазкур фонднинг 91 йиғма жилдида Риштон туманидан 30 нафар мактаб ўқувчилари Белоруссияга ташриф буюриб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Собиқ иттифоқ қаҳрамони Мамадали Топволдиев жанг қилган ва озод этилишида улкан жасорат кўрсатган ҳудудни бориб кўрганликлари айтиб ўтилган.

Шунингдек, 1976-1978 йиллар давомида вилоят бўйлаб жами 712 марта тарихий манзиллар ва “Шон-шуҳрат йўллари” бўйлаб ўрнатилган Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари Мамадали Топволдиев, Амирали Саидбеков бюстлари зиёрат қилинган ҳамда ушбу экскурсияларда 30 мингдан зиёд одам қатнашганлиги архив ҳужжатларидан маълум бўлди.

Фарғона вилоят давлат архивида туризм тарихини таҳлил қилиш натижасида шу нарса маълум бўлдики, ёш авлодни ватан олдидаги бурчи, садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида 1972 йилдан эътиборан ўқувчи ва талаба-ёшлар учун мўлжалланган “Жанговар ва меҳнат шуҳрати жойлари бўйлаб саёҳат” ва “Шон-шуҳрат йўли” туристик йўналишлари давомида Фарғона водийсида ўрнатилган монументал ёдгорликлар ҳамда Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари ва меҳнат фахрийлари номи билан боғлиқ 13 та “Жанговар музей”лар шу билан бир қаторда уруш ва меҳнат фахрийлари яшаган хонадонларга ички туризм доирасида саёҳатлар уюштирилган. Ушбу туристик йўналишлардан 1996 йилгача реестр доирасида фойдаланилган.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида 14 минг 912 нафар фарғоналик жангда кўрсатган мардлиги, жасорати учун Иттифоқ Қаҳрамони ҳамда жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган. Ёш авлодни ватанпарварлигини ошириш мақсадида ўқувчи ва талабалар уруш ва меҳнат фахрийлари билан учрашувлари мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Айни вақтда Фарғона вилоятида 65 нафар уруш қатнашчилари истиқомат қилмоқда. Уруш ва меҳнат фахрийлари билан ёш авлоднинг мунтазам учрашувлари биринчидан кекса ва ёш авлод ўртасида кўприк вазифасини бажарса, иккинчидан тинчлик деган улуғ неъматни қадр-қимматини теранроқ англашга хизмат қилади.

Фарғона вилоятида соғинч туризмини ривожлантириш салоҳияти ҳам юқори ҳисобланади. Жумладан, Қўқон шаҳрида япон асирлари номи билан боғлиқ қабристон ҳамда италян ва грек ҳарбий асирлари номи билан боғлиқ қабрлар обод қилинган ҳамда махсус ёдгорликлар ўрнатилган. Ҳарбий асирлар номи билан боғлиқ қабристонлар Фарғона вилоятининг Марғилон ва Қувасой шаҳарларида ҳам мавжуд бўлиб, айни дамда ушбу ҳарбий асирларнинг ҳаёти билан боғлиқ маълумотларни тўплаш ва аниқлаш орқали соғинч туризмини ривожлантириш мумкин. Биргина япон асирлари номи билан боғлиқ қабристонларни ободонлаштириш ҳамда туризм реестрига киритиш орқали япон сайёҳларини вилоятимизга кўпроқ жалб этиш имконияти мавжуд. Чунки япон менталитети ва диний қарашлари бўйича аждодлар руҳига эҳтиром алоҳида аҳамиятга эга. Бутун дунёда айни вақтда Иккинчи жаҳон уруши йилларида қаҳрамонлик кўрсатган жой ва шахслар номи билан боғлиқ туристик йўналишлар оммалашиб бормоқда.

“Шон-шараф йўли” туристик йўналиш сифатида қайта тикланиши муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бир қаторда уруш ва меҳнат фахрийлари ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ “Жасорат” музейлари ҳам қайта тикланиши зарур. Биргина жаҳон тажрибасида Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари уй-музейлари Швецияда энг кўп ташкил этилган давлат сифатида туризм реестрига киритган ҳамда айни вақтда фойдаланиб келинмоқда. Фарғона вилояти ҳам бу борада мавжуд имкониятларни ишга солиш орқали мамлакат иқтисодиётини янада юксалтириш мумкин.

Юсуфжон Камолов,
Фарғона вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи.
Музаффаржон Мансуров,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

4 840
ЎзА