ЎзА Ўзбек

06.09.2018 09:45 Чоп этиш версияси

“Шоли+балиқ”: бу усул кўпчилик учун қизиқарли

“Шоли+балиқ”: бу усул кўпчилик учун қизиқарли

Хоразм, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида Қорақалпоғистон Республикаси вазирлар кенгаши раиси, вилоят ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, балиқчилик ва пахтачилик йўналишидаги фермерлар, пахта-тўқимачилик кластери корхоналари раҳбарлари учун кўргазмали семинар ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зойир Мирзаев, Қишлоқ хўжалиги вазири Баҳодир Юсуповлар иштирок этди. 
Семинарнинг биринчи кунида иштирокчилар Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги “Хоразм фахри” фермер хўжалигида бўлиб, “Шоли+балиқ” усулида шоли ва балиқ етиштириш, аччиқ қалампир, қўшқатор усулда пахта етиштириш, шунингдек ғўза қатор орасига ҳамда очиқ майдонларга кузги бошоқли дон экиш борасида тажриба алмашди.

Шунингдек, улар Хива туманидаги “Хоразм балиқ саноат агро” масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилаётган Вьетнам технологияси асосида балиқ етиштириш ва балиқни қайта ишлаш билан ҳам танишди.

Анжуманнинг иккинчи кунида иштирокчилар Бухоро вилояти бўлиб, Ромитан туманидаги “BCT Cluster Agrokompleks” масъулияти чекланган жамиятида кластер усулида пахта етиштириш тажрибасини ўрганди. Ҳозирда корхона туманнинг Нурафшон, Боғитуркон, Қоқиштувон, Миришкор ҳудудлардаги 8 минг гектар экин майдонини тасарруф этмоқда.

Иштирокчилар аҳоли хонадонларида ҳам бўлиб, томорқа эгалари билан мулоқот қилди. Мисол учун, Навоий вилоятининг Кармана туманидаги Уйрот маҳалласида истиқомат қилувчи Обид Саидов томорқасида интенсив балиқ етиштираётган экан. Замонавий ва ихчам кўринишдаги мослама 5 мингта балиқ чаноқлари етиштиришга мўлжалланган бўлиб, мазкур масканда 12 тоннагача балиқ боқилмоқда.

Албатта, юртимизда бу каби усулда балиқ етиштиришни оммалаштириш, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш хусусида зарурий тавсиялар берилди.

Бундан ташқари Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги “Иштихон нурли давр“ фермер хўжалигида томчилатиб суғориш технологияси асосида пахта етиштириш тажрибаси семинар иштирокчиларида қизиқиш уйғотди. Айни вақтда фермер хўжалигида 134 гектардаги ғўза томчилатиб суғорилмоқда.

– Томчилатиб суғориш технологиясини қўллашда маҳсулот ҳосилдорлиги ва сифати юқори бўлади, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Исроилжон Холмирзаев. – Бунда суғориш билан бирга берилган ўғитлар ғўза илдиз тизимига аниқ тушиши ва ўғитлар тўлиқ ўзлаштирилиши ҳисобига анъанавий суғоришга нисбатан ҳосилдорлик 50-55 фоиз юқори бўлади.

Икки кунлик кўргазмали семинар иштирокчиларда қишлоқ хўжалигини юритишда янгича ёндашув ва иш услубларини жорий этиш бўйича аниқ тасаввурларни уйғотди. Илғор фермерларнинг амалий тажрибаларини барча вилоятларда оммалаштириш бўйича таклифлар берилди.

ЎзА
6 827