
Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани ҳокимлигида халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтмоқда.
Жамоатчилик назорати
Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани ҳокимлигида халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтмоқда.
Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги қарорига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизими жорий этилган ва унга мувофиқ, Шофиркон туманидаги мавжуд ҳолат “қониқарсиз” деб топилган.
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 24 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “қониқарсиз” деб топилган туман, шаҳар раҳбарларига жамоатчилик олдида камчиликларни тан олиб, уни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳақида маълумот бериши зарурлиги вазифаси топширилган эди.
Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, халқ депутатлари вакиллари, Бухоро вилояти ҳокимлиги масъуллари, туман фаоллари, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этаётган сессияда сектор раҳбарлари йўл қўйилган камчиликлар юзасидан аҳолига мурожаат қилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган вазифалар бўйича “Йўл харитаси”ни тақдим этди.
Шофиркон тумани нега “қониқарсиз” ҳудудга тушиб қолган? Туман ҳокими Шукурулло Ҳакимов бунинг сабабларини маълум қилиб, ундан чиқиш бўйича режасини баён қилди.
– Ҳақиқатдан ҳам, Шофиркон тумани 2019 йил статистик кўрсаткичлар рейтингида вилоят миқёсида “қизил” ҳудудга кириб қолди, – деди Ш.Ҳакимов. – Бунинг сабабини ҳар бир йўналиш бўйича таҳлил қилганимизда қуйидаги йўналишлар бўйича паст кўрсаткичлар қайд этилганлигини кўришимиз мумкин. Хусусан, иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик кўрсаткичлари бўйича ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 2019 йилда 340 миллиард 753 миллион сўм бўлиб, аҳоли жон бошига 1 миллион 941 минг сўмга тўғри келган, бу кўрсаткич вилоят саноатида 0,6 фоизни ташкил этган.
Мазкур йўналиш бўйича дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, жорий йил якунида тумандаги қиймати 431,5 миллиард сўмлик 18 та саноат ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, кўрилган чора-тадбирларимиз натижасида ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 161,2 фоизга ўсиши, аҳоли жон бошига эса 3 миллион 174 минг сўмдан тўғри келиши кутилмоқда.
Туманнинг халқ истеъмол моллари 100,9 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 102,6 фоиз қурилиш ишлари 106,6 фоиз, чакана савдо айланмаси 115,7 фоиз ва хизматлар ҳажми 146,2 фоизга ўсиши кутилмоқда. Шунингдек, 2019 йилда экспорт ҳажми 5 миллион 41 минг долларни ташкил этиб, аҳоли жон бошига эса 29 доллардан тўғри келган.



