ЎзА Ўзбек

21.03.2020 Чоп этиш версияси

Шодиев халқаро фонди коронавирусга қарши курашда ёрдам бермоқчи

Шодиев халқаро фонди коронавирусга қарши курашда ёрдам бермоқчи

Жорий йилнинг 18 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз ҳудудида коронавирус инфекцияси Covid-19 тарқалишининг олдини олиш масаласига тўхталиб ўтилди.

“Мамлакатимизда етарли даражада захира мавжуд, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ. Аммо кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим”, дея таъкидлар экан, давлатимиз раҳбари вазият тўлиқ давлат назоратига олинганини қайд этди.

Жорий йилнинг 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармонда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг саломатлигини сақлаш, иш билан таъминлаш ва даромадини ошириш сингари чора-тадбирлар кўзда тутилган.

ICF — Халқаро Шодиев фонди Ўзбекистондаги муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли хайрия дастурини амалга ошириш орқали ҳукуматнинг коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларини қўллаб-қувватламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган қўллаб-қувватлаш дастурининг биринчи босқичи мамлакат бўйлаб барча кекса ёшдагилар ва кам таъминланган оилаларни озиқ-овқат маҳсулотлари ва дезинфекция воситалари билан таъминлашни ўз ичига олади.

Халқаро Шодиев фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мамлакат ҳукумати ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг вирусли инфекция пандемияси шароитида зарур қоидаларга амал қилиш бўйича тавсияларини бажаришга оид даъватига қўшилади. Инсонпарварлик ёрдами жамланмаси ичига ўзбек тилидаги тавсиялар ҳам жойлаштирилади.

Оқил ва доно, матонатли ўзбек халқи ҳамжиҳатликда бу хатарни енгиб ўтишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Халқаро Шодиев фонди Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг мамлакат бўйлаб коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларини самарали қўллаб-қувватлашга бор куч ва имкониятларини сафарбар этади.

4 889
ЎзА