ЎзА Ўзбек

02.06.2018 13:13 Чоп этиш версияси

Шодибек ҳамда Тўқманғит қишлоқлари обод бўлади

Шодибек ҳамда Тўқманғит қишлоқлари обод бўлади
Навоий вилояти Конимех тумани Шодибек ва Тўқманғит қишлоқларида 208 хонадон, 1047 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Қишлоқларимизнинг кундан-кунга чирой очиб, кўркам манзилга айланиб бораётгани кўзни қувонтиради. Айниқса, “Обод қишлоқ” дастури асосида ҳар бир туманнинг чекка ҳудудларида улкан бунёдкорлик, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилаётгани эътирофга лойиқ.

Навоий вилояти Конимех тумани Шодибек ва Тўқманғит қишлоқларида 208 хонадон, 1047 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бугунги кунда мазкур ҳудудларга туман ҳокими ўринбосарлари, 39 ҳомий ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳ бириктирилиб, йўналишлар, режалар белгилаб олинди. Иккала масканда ҳам уй-жойларни таъмирлаш ишлари бошланди. Шунингдек, ижтимоий соҳа, муҳандислик тармоқлари ва бозор инфратузилмаси объектларида лойиҳа ҳужжатлари тайёрланмоқда. Қурилиш август ойида якунланиши режалаш-тирилган.

– Ҳудудда 176 нафар ишчи хизмат қилмоқда, – дейди туман ҳокимлиги қурилиш масалалари бўйича бош мутахассиси Б.Халилов. – Саккизта ноқонуний қурилишлар бузилди ва ер майдонидан самарали фойдаланиш чоралари кўрилмоқда. “Навоиазот” AЖ томонидан фуқаролар хонадонларида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига амалий ёрдам кўр-сатилмоқда. Бундан ташқари, кўчаларга 250 дона дарахт кўчати ўтқазилиб, 7 километр йўл, 1,5 километр электр, 1,8 километр газ, 2 километр ичимлик суви тармоқларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаётир. 

“Хайробод сервис” хусусий корхонаси томонидан Шодибек қишлоғи марказидаги сув иншооти биносини мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Айниқса, дастур доирасида иккала ҳудудда ҳам сунъий қопламали болалар майдончаси, ҳаммом, 60 ўринли мактабгача таълим муассасаси қурилиши аҳоли турмуш даражасини янада яхшилайди.

– Ободлик шукуҳи одамларимиз юз-кўзидаги мамнунлик, яратувчанлик завқида ҳам намоён бўлмоқда, – дейди “Шўртепа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Х.Ибрагимов. – Яқинда қишлоқлардаги аҳоли тиббиёт ходимлари томонидан тўлиқ кўрикдан ўтказилди. Тадбиркорлар томонидан замонавий савдо маркази қуриш режалаштирилган. Қувонарлиси, маҳалла аҳлининг ўзи ҳам ободонлаштириш ишларига фаол иштирок этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ҳудудларда банк кўмаги орқали аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Шунга кўра, бугунга қадар 17 кам таъминланган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг имтиёзли кредит маблағи олишида маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тавсиялар берилди. Хусусан, Рўзимурод Қудобоев бундай маблағ эвазига икки бош қорамол харид қилди. Уларни боқиб, кўпайтириб, сотиш эвазига уй-жойини таъмирлашни ният қилган. Яна бир фуқаро — Роза Аҳмедова эса микротўлқинли газ печи сотиб олди. У турли пишириқлар тайёрлаб, оила даромадига ҳисса қўшмоқчи.

Бу эзгу амалларнинг барчаси халқ манфаатларини ўйлаб қилинаётгани кишини хурсанд қилади. Яқин ойларда Шодибек ҳамда Тўқманғит қишлоқлари сўлим, кўркам, обод манзилга айланишига шубҳа йўқ.

Н.Раҳимов, ЎзА
5 807