ЎзА Ўзбек

02.05.2018 14:35 Чоп этиш версияси

Шоҳимардон янада гавжум бўлади

Шоҳимардон янада гавжум бўлади Фарғона туманининг энг олис чегара ҳудуди – Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқлари юртимизнинг энг хушманзара масканларидан. Бу ерлар ўзининг мафтункор табиати, мўътадил иқлими, пурвиқор тоғлари, зилол сойлари, шириндан-шакар мева-сабзавотлари ва тарихий меъморий обидалари билан машҳур.

Қирғизистон Республикаси ҳудудидан ўтиб борилгани ва йиллар давомида чегарадан ўтишдаги қийинчиликлар ушбу ҳудудлар аҳолисига жиддий муаммо бўлиб келгани айни ҳақиқат. Президентимиз Шавкат Мирзиёев юритаётган оқилона сиёсат туфайли қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқаларимиз кундан-кун яхшиланиб бораётган, узоқ йиллик “муз”лар эриган бугунги кунда мазкур қишлоқлар аҳолисининг фаровон ҳаёт шукуҳидан баҳраманд бўлишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Ана шу мақсадда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан ушбу ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқлари аҳолиси билан самимий мулоқотлар ўтказилиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, муқим иш ўринлари яратиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ижобий ҳал этиш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Вилоят ҳокими Ш.Ғаниевнинг бир неча бор ушбу ҳудудда бўлиб, аҳоли вакиллари билан юзма-юз ўтказган мулоқотлари натижасида амалга оширилиши зарур бўлган устувор вазифалар белгиланди.

Ўтган қисқа вақт ичида Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларида истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларига 1 минг 416 газ баллони тарқатилди. “Ёрдон” тез тиббий ёрдам шохобчаси ва Шоҳимардондаги 64-қишлоқ оилавий поликлиникаси қошида туну кун ишлайдиган ижтимоий дорихоналар ташкил этилди. Тиббий хизмат сифати, патронаж ҳамширалари фаолиятини яхшилаш учун керакли шароитлар яратилди. Айни пайтда тижорат банклари томонидан 4 мини-банк шохобчаси фаолиятини йўлга қўйиш, тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш, чорвачилик, боғдорчилик ва томорқадан унумли фойдаланишга имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича аҳолининг талаб ва таклифлари ўрганилмоқда.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан Фарғона туман давлат хизматлари марказининг Ёрдон ва Шоҳимардон шохобчалари ташкил этилди. Марказ мутахассислари томонидан сайёр қабуллар ўтказилиб, “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади”, тамойили асосида сифатли ва тезкор давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Вилоят ички ишлар, адлия бошқармалари, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш бўлимлари мутахассислари томонидан фуқаролик паспорти олиш, никоҳ қайдномаси, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиш каби мурожаатларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Юзма-юз мулоқотларда вилоят бандлик бош бошқармаси, “Ибратли бека” ўқув маркази, “Моҳигул” хусусий чеварчилик корхонаси раҳбарлари томонидан Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқлари аҳолиси, айниқса, ёшлар ва уй бекаларини бепул ўқув курслари орқали касбга йўналтириш, ўқув ва малака ошириш даври учун стипендиялар тайинлаш бўйича имтиёзлар тўлиқ тушунтирилди. Агар хусусий тадбиркорлар иш ўрни яратсалар, иш ҳақи учун йўналтираётган маблағларининг 50 фоизи вилоят бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармаси томонидан тўлаб берилиши мумкинлиги қайд этилди. Табиийки, иш ҳақи учун йўналтирилган бу маблағ тадбиркорлик субъектларидан ундириладиган солиқлардан озод этилиши таъкидланди. Фарғона нефтни қайта ишлаш корхонаси мутасаддилари эса ногирон фарзандлари бор, кам таъминланган оила бекаларини касаначилик асосида ишга қабул қилиш борасида хоҳловчилар рўйхатини шакллантиришга киришди.

– Бугунги кунда ҳудудимиздаги 857 хонадонда 3 минг 352 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди “Шоҳимардон” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси С.Норматова. – Ишчи гуруҳ томонидан маҳалламиздаги ҳар бир оила, аввало, кам таъминланган 41 оиланинг яшаш шароити, тирикчилик манбаи, фарзандлари таълим-тарбияси, иш ўрнига эга экани ўрганилди. Шу асосда ишга жойлаштириш, ўқув курсларига йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш бўйича иш олиб борилаётир. Бундай эътибор ва рағбатдан шоҳимардонликлар жуда миннатдор.

– Ҳудуддаги ҳар бир оила томорқасидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти томонидан мевали дарахтлар, сабзавот экинлари уруғи ва кўчатига бўлган эҳтиёж тўлиқ ўрганилиб, рўйхат асосида керакли уруғ ва кўчатларни етказиб бериш ишлари бошланди, – дейди Фарғона тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Рўзматов. – Аҳолининг ўз томорқасидан оладиган даромадини ошириш, томорқа юмушларидан бўш вақтида иш ҳақи тўланадиган бошқа юмушларга жалб этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Шоҳимардоннинг бетакрор табиат манзараси, тарихий зиёратгоҳлари ҳудудда туризмни ривожлантиришда жуда қўл келади. Ички туризм ривожи ҳудуд аҳолисининг муқим даромад манбаини таъминловчи яна бир муҳим омил бўлади. Хорижлик сайёҳларни жалб этиш ва ички туризмни ривожлантириш мақсадида корхона-ташкилотларга қарашли ҳудуддаги 120 дам олиш ва ҳордиқ маскани рўйхати шакллантирилиб, уларни капитал таъмирлаш орқали сайёҳларни жалб этиш чора-тадбирлари белгиланди.

Ҳазрат Али мақбарасида Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманидан меҳнат фахрийси Ҳалима Тошқўзиева бошчилигида келган бир гуруҳ меҳмонлар билан суҳбатлашдик. Онахонлар йўллар очилиб, қадрдон масканларни яна кўриш имконияти яратилганидан беҳад хурсанд эканликларини изҳор қилишди. Шоҳимардондаги мўъжазгина эски бозорда савдо қилувчи Мавлуда Йўлдошева янги лойиҳа асосида замонавий бозор мажмуаси қуриш режалаштирилаётганидан хурсанд.

– Чунки меҳмонлар ташрифи кўпайиб борар экан, савдо ва хизмат кўрсатиш сифати ҳам шунга монанд бўлиши керак, – дейди у.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
18 311