Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2017 19:28 Чоп этиш версияси

“Ёш қутқарувчи” мусобақасининг Сирдарё вилояти босқичи ўтказилди

Гулистонда умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида “Ёш қутқарувчи” мусобақасининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Вилоят фавқулодда вазиятлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш бошқармалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида жисмонан соғлом, юксак маънавиятли авлодни тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун замонавий шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 19 июлдаги “Аҳолини зилзилалар оқибатида юзага келган фавқулодда вазиятларда (табиий ва техноген тусдаги) ҳаракат қилишга тайёрлаш комплекс дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фуқаро муҳофазасига доир билимини ошириш, фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш ва ўзгаларга ёрдам бериш кўникмасини шакллантириш мақсадида ўтказилаётган мусобақа “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар клублари фаолиятининг ўзига хос маҳорат тақдимотига айланди.

Мусобақада туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 17 жамоа баҳслашди. Жамоаларнинг соҳага оид билими савол-жавоблар, амалий маҳорати эса тиббий ёрдам кўрсатиш ва шартли дарёдан арқон орқали ўтиш, 100 метрга тўсиқлар оша югуриш шартларига кўра баҳоланди.

Умумтаълим мактаблари жамоалари ўртасида биринчи ўринни Ховос туманидаги 1-умумтаълим мактабининг “Мадад” жамоаси, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида Сайхунобод туманидаги Пахтакор маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг “Сайхун“ жамоаси эгаллади. Ғолиб жамоалар мусобақанинг мамлакат босқичида иштирок этади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
4 299






Все о погоде - Pogoda.uz