Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 18:42 Чоп этиш версияси

Шийпонда улғаяётган болалар

Шийпонда улғаяётган болалар Бир пайтлари собиқ 17-колхознинг шийпони 1970 йилларда боғча учун мослаштирилганидан буён ҳанузгача шу мақсадда фойдаланиб келинмоқда.

Мазкур кўримсиз бир қаватли бинода Бўз туманидаги 20-мактабгача таълим муассасаси жойлашган.
4 та кичик хонада шунча гуруҳ ташкил қилинган. Гуруҳларда 80 нафар тарбияланувчи бўлиб, 20 нафар болага 15 та ўриндиқ тўғри келади.

6.JPG

Ҳамшира хонасида тиббий анжомлар ва бирламчи ёрдам учун зарур дори-дармонлар йўқ. Боз устига, хонадаги ягона музлатгичда бохчанинг озиқ-овқатлари жамлаб қўйилган. Ётоқхона ва ошхона томидан чакки ўтиши оқибатида нам тортиб, моғор босиб қолган. Антисанитария ҳолатига мутлақо жавоб бермайди. Бинога ичимлик суви киритилмаган, ташиб фойдаланилади. Ҳовлида гуруҳлар учун фақат битта кичик ёзги айвонча қурилган, холос. Чиқиндилар учун махсус жой мавжуд эмас. Ташқи фасад қисми деворлари шўрлаб тушиб кетган. Ҳожатхона тўлиб, тозаланмаган. Оқибатда иссиқ кунлари юқумли ва паразитар касалликлар кўпайиши эҳтимоли кучайган.

Бугун маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича Республика ишчи гуруҳи мазкур муассасада бўлганида, 2-гуруҳ тарбияланувчиларининг 5 нафари айни ухлаш маҳалида ўйнаш залида ўтиришган эди. Бунинг сабабини тарбиячи шундай изоҳлайди:

4.JPG

– Ётоқ жойи етишмаслиги сабабли булар шу ерда. Ҳар доим ҳам 20 та бола келавермасди. Бундай ҳолат жуда кам учрайди. Агар шундай бўлиб қолса, алмашиб ётишаверади...

– Мен келганимда бу ерда атиги 45 та ўриндиқ бор эди. Уларнинг сонини ҳозир 72 тага етказдим, – дейди қаҳрамонона оҳангда боғча мудираси Зарифа Қодирова.

Давлат санитария эпидемиология маркази бош врачи Абдумажид Дарвишевнинг хулосасига кўра, боғчада шахсий гигиена воситаларига умуман риоя қилинмаган. Ҳамшира хонаси талабга жавоб бермайди. Ошхона анжомлари тоза қилиб ювилмаган, зарарсизлантирилмаган. Тез айнийдиган маҳсулотларни сақлаш қоидаларига риоя этилмаган. Кемирувчилар ва ҳашоратларни йўқотиш бўйича дизенфекция маркази билан ўзаро шартнома тузилмаган. Аниқланишича, хўжалик ҳисобидаги бундай марказ Бўз туманида мавжуд эмас экан.

Бўз тумани мактабгача таълим муассасалари мудираси Мавлуда Собированинг айтишича, у 2017 йил 15 ноябрдан ўз фаолиятини бошлаган. Тумандаги 24 та мактабгача таълим муассасида 2450 та тарбияланувчи бор. Ҳозирда 750 ўринли 11 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини қуриш ишлари жадал бажарилмоқда. Туманда 3-7 ёшли болалар 5 мингта бўлиб, қамров 49 фоизни ташкил қилмоқда.

М.Собированинг сўзларига кўра, мазкур боғчани таъмирлаш ишлари 2019 йилдаги давлат инвестиция дастурига киритилган. Тизимга киритилган ўзгартиришга мувофиқ уч ёшгача бўлган болалар гуруҳлари тугатилиб, боғча гуруҳларига 20-25 нафар бола қабул қилина бошлаган. Натижада оддий гуруҳларда 5-10 та бола кўпайган. Ҳозир тумандаги бешта боғчада ётоқ мебеллари етишмаяпти.

7 (1).JPG

– Ушбу боғчадаги муаммодан яхши хабаримиз бор, – дейди М.Собирова. – Бу ерга ўриндиқлар 3-чоракда келтирилиши керак эди. Биз билан шартнома имзолаган тадбиркор билан гаплашдим, жараён тезлашди. Уни бугуноқ ҳал қиламиз.

6-ишчи гуруҳи аниқлаган жиддий камчиликдан сўнг Андижон вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов шу куни мазкур боғчадаги вазият билан жойида танишди ва уни тўлиқ бузиб қайта қуриш бўйича тегишли кўрсатма берди.

Telegram-UzA.jpg

Фарҳод Эсонов, Зухриддин Умурзоков олган суратлар, ЎзА
18 360