Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

10.09.2018 19:31 Чоп этиш версияси

Ширкатлар фаолияти қонун талабларига мосми?

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан йиғилиш ўтказилди.

Қўмита аъзолари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари, ҳокимликлар ва мутасадди идоралар вакиллари қатнашган мажлисда “Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг Самарқанд ва Навоий вилоятларидаги ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Б.Матмуродов ва бошқалар уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида кейинги йилларда юртимизда уй-жойлар қурилиши кўлами кенгайиб бораётганини таъкидлади. Биргина жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда 13 минг 900 га яқин уй-жойлар қурилмоқда.

Шу билан бирга, мавжуд уй-жойларни сифатли сақлаш, уларга замонавий хизмат кўрсатиш ҳам бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.

– 2018 йилда Самарқанд вилоятидаги кўп хонадонли уй-жойларни мукаммал ва жорий таъмирлаш, уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш дастурини амалга ошириш учун 26,7 миллиард сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган, – дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Ш.Чўлиев. – Лекин ўрганишлар давомида дастурда белгиланган вазифалар ижросида мутасадди ташкилотлар, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўплаб камчиликларга йўл қўйилаётгани аниқланди. Шунингдек, уларнинг ҳужжат юритиш, ширкат аъзолари билан ишлаш борасидаги фаолиятида ҳам нуқсонлар кузатилди.

Мажлисда ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Муҳокама якуни бўйича қўмитанинг уй-жой коммунал хўжалигини янада ривожлантириш мақсадида қонунчиликка ўзгартишлар киритиш, соҳага оид қонун ҳужжатларини қайта ишлаб чиқиш ва уларда кўп хонадонли уйларни бошқаришнинг замонавий инновацион шакл ва усулларини мустаҳкамлашга қаратилган тегишли қарори қабул қилинди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА