Шифокорнинг қўли боғланиб, устига бензин сепилди — Андижонда инсон ҳаётига тажовуз (+видео)
Жорий йилнинг 21 август куни Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида даволанаётган бемор Аҳмедова Инобатхоннинг ўғли томонидан мазкур тиббиёт муассасасининг ортопедия ва жароҳатлар оқибатлари бўлими ходимларига нисбатан тажовуз амалга оширилди.
Жорий йилнинг 21 август куни Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида даволанаётган бемор Аҳмедова Инобатхоннинг ўғли томонидан мазкур тиббиёт муассасасининг ортопедия ва жароҳатлар оқибатлари бўлими ходимларига нисбатан тажовуз амалга оширилди.
Бемор И.Аҳмедова 2010 йилда умуртқа поғонасининг бел қисми остеохондрози, 4-5 бел умуртқалараро диск чурраси хасталиги туфайли Андижон Давлат тиббиёт институти клиникасида оператив даволанган. 2017 йилда бемордаги умуртқа поғонаси бел қисми остеохондрози, 4-5 умуртқалараро диск чуррасини олиш операциядан кейинги ҳолати 1-2 бел умуртқалари сегменти ностабиллиги, пастки парапарез асорати ташхиси билан Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида қайта операция амалиёти ўтказилган. Операция жараёнида чуррани бартараф қилиш ва умуртқа поғонаси бел қисмига транспедикуляр мосламани ўрнатиш амалиёт бажарилган. Шундан сўнг, бемор И.Аҳмедова Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ортопедия ва жароҳатлар оқибатлари бўлими шифокори Бобур Шавкатов қабулига саломатлиги билан боғлиқ тиббий маслаҳатлашувларга қатнаб келган. 2019 йилнинг июль ойида бемор И.Аҳмедова шифокор Б.Шавкатов томонидан қайта кўрикдан ўтказилган. Беморга стационар даволаниш тавсия этилган. Шунда бемор ва қариндошлари Тошкент шаҳридаги тиббиёт марказларидан бирига тиббий маслаҳат олишга бориб келиш истагида эканликларини билдирганлар.
19 август куни бемор И.Аҳмедованинг ўғли Файзулло марказга келиб, Бобур Шавкатовга учрашган. У онасини Тошкентдаги “AKFA Med line” хусусий клиникаси мутахассислари кўригига олиб борганини, у ерда Фузулиддин исмли шифокор томонидан кўрикдан ўтказилганини айтган. Беморнинг ўғли Файзуллонинг сўзларига кўра, Фузулиддин исмли шифокор гўёки аввалги операциялар нотўғри қилинганини, ҳозирда қайта операция қилиш лозимлигини, ушбу операцияларни Республикамиз мутахассислари амалга ошира олмаслиги, шунинг учун Германия Федератив Республикасидан мутахассис чақирган ҳолда операция қилиш кераклигини уқтирган.
Бемор Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий марказига кўрикка борган. У ерда мутахассислар томонидан кўрикдан ўтган. Ташхисга кўра, беморни ҳозирги безовта қилаётган ҳолатга сабаб бел қисмидаги операциялар эмас, балки умуртқа поғонасининг кўкрак қисмидаги сариқ боғламнинг гипертрофияланган қисми орқали орқа мияни эзилиши натижасида рўй бераётгани сабаб қилиб келтирилган. Улар томонидан умуртқа поғонасининг кўкрак қисмида операция қилиш лозимлиги айтилган.
Ушбу суҳбат давомида Бобур Шавкатов ҳозирда беморга ҳеч қандай операция шарт эмаслигини тушунтирган. Беморга консерватив, яъни медикаментоз ва физиотерапевтик муолажа ўтказиш лозимлигини тушунтирган. Беморнинг ўғли бунга рози бўлиб, даволаниш учун келишларини айтиб кетган.
2019 йилнинг 21 август куни бемор имтиёзли йўлланма билан ўғли Файзулло ҳамроҳлигида тиббиёт муассасасига келиб, шифокор Б.Шавкатовга учрашган. Бемор муассасанинг нейрохирургия бўлимига имтиёзли йўлланма асосида ётқизилган. Бемор Аҳмедова Инобатхон нейрохирургия бўлимига жойлашгач, нейрохирургия бўлими шифокори Оталиков Абдураим бемор ва унинг ўғли Файзулло билан суҳбатлашган. Суҳбат давомида беморга ҳозирда мазкур муассасада медикаментоз ва физиотерапевтик муолажалар ўтказилишини, Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия марказига эса 2019 йилнинг 4-чорагида имтиёзли йўлланма асосида юборилишини тушунтирган.
Шундан сўнг, Бобур Шавкатов операцияни тугаллаб чиқаётганда Файзулло у билан суҳбатлашмоқчи эканини айтган. Шифокор Файзуллони ўз хонасига таклиф қилиб, олиб кирган. Шунда Файзулло Бобур Шавкатовга рентгенограммани қайта кўриб беришини илтимос қилган. Б.Шавкатов рентгенограммани ёруққа қараб кўраётган вақтда Файзулло унинг орқасидан келиб, бўйнидан бўға бошлаган. Бобур Шавкатов қаршилик қилиб, тажовуз қилаётган шахснинг қўлидан озод бўлишга ҳаракат қилган, аммо Файзулло янада қаттиқ бўға бошлаган. Шунда Бобур Шавкатов ҳушини йўқотади, ҳушига келган вақтда қўллари орқага қилиб боғланган ҳолда, стол остида ётган бўлган. Бобур Шавкатов Файзуллодан уни стулга ўтқазиб қўйишни сўраган. Файзулло шифокорни столга ўтқазиб, ундан зудлик билан “AKFA Med line”га қўнғироқ қилиб, керакли мутахассисни чақиртириб, онасини шу ерда операция қилдириб беришини талаб қилади. Бобур Шавкатов ундан қўлларини боғламдан чиқаришини сўраган. Шу пайт Файзулло сумкасини ичидан суюқликка тўла елим идиш чиқарган, сўнг елим идишдаги суюқликни хонага ва Бобур Шавкатовнинг устига сепган. Бобур Шавкатов ушбу суюқлик бензин эканини билиб, бақира бошлаган. Буни эшитган йўлакдаги беморлар ва тиббиёт ходимлари хонага кирмоқчи бўлишганида, хона эшиги ичкаридан қулфланган бўлган. Ходимлар эшикни синдиришган. Шунда эшик ортидаги ходимларга ҳам бензин соча бошлаган. Натижада ҳамшира Мадина Эркинованинг кўзига бензин сочилиши натижасида жароҳатланган. Эшик бузиб кирилганда Файзуллонинг қўлида ёндиргич бўлган. Ходимлар ёндиргични олиб қўйиш ниятида унинг қўлига ёпишган вақтда яна бир ходим Абдувоҳид Мўминовни уриб, унга тан жароҳати етказган. Ходимлар ўт ўчириш ускунаси мосламасини ишлатиб, Файзулло ва Б.Шавкатовни устига сепганлар. Шундан фойдаланиб, Файзуллони кўпчилик бўлиб, хонадан олиб чиқилган. Унинг қўл оёқларидан ушлаб турилгач, ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари уни олиб кетишган.
Тажовуз оқибатида жабрланган Бобур Шавкатов, Абдувоҳид Мўминов, Мадина Эркинова, Иззатой Мамажоновалар шифохонага ётқизилди. Уларга инфузион, детоксикацион, дегидратацион ва симптоматик терапия ўтказилди. Тиббий кўриклар натижасида ҳозирда бу ходимларнинг ҳам умумий ҳолати нисбатан қониқарли, деб аниқланган.
Шуҳрат ҚОДИРОВ
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан вазирликнинг муносабати тайёрланди. Мазкур муносабат билан "Соғлиқни сақлаш вазирлиги Андижонда шифокорларга қилинган суиқасд юзасидан муносабат билдирди" хабарида танишишингиз мумкин.