ЎзА Ўзбек

03.08.2018 10:26 Чоп этиш версияси

Шифокорлар Миллий палатада рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритиши тақиқланади

Шифокорлар Миллий палатада рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритиши тақиқланади
Аввал хабар берганимиздек, Президентнинг 2018 йил 2 августда “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ташкил этилди.

Халқаро стандартларга мос соғлиқни сақлаш инфратузилмасини яратишга, шу жумладан, тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини замонавий ускуналар ва илғор ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш Миллий палатанинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди. 

Миллий палатанинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан шифокорлар ва провизорларнинг Миллий палатада рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритиши тақиқланди. 

Бундан ташқари, Миллий палата 2022 йил 1 январга қадар муддатда барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилди.

Шунингдек, Инновацион соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

Жамғарма маблағлари, қуйидагиларга йўналтирилади:

• Миллий палатани сақлаш, унинг фаолиятини моддий-техник таъминлаш ва ходимларини моддий рағбатлантириш;

• халқаро стандартларга мувофиқ илғор тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини ташкил этиш, шунингдек, уларни замонавий ускуналар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш;

• замонавий клиник қўлланмалар ва протоколлар, диагностика ва даволаш сифатига оид стандартлар, тиббиёт ташкилотларини моддий-техник жиҳозлаш стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни ташкил қилиш;

• республика тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларининг бинолари, иншоотлари ва бошқа инфратузилмасини қуриш, уларни замонавий ускуналар билан, шу жумладан, лизинг шартларида жиҳозлашга қайтариш шарти билан ва имтиёзли асосда маблағ ажратиш;

• тиббиёт ва фармацевтика ходимларини хорижда тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, ўқитиш, малака ошириш ва тажриба алмашишни республикада ташкил этиш учун хорижий мутахассисларни жалб этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;

• республика шифокорлари ва провизорлари тўғрисида умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ва юритиш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

• соғлиқни сақлаш соҳасида хайрия фаолиятини амалга ошириш;

• Миллий палата зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга қаратилган бошқа тадбирларни молиялаштириш.

ЎзА
8 039