ЎзА Ўзбек

13.04.2020 Чоп этиш версияси

Шифокорлар автомобилдан фойдаланишга ҳақли, аммо...

Шифокорлар автомобилдан фойдаланишга ҳақли, аммо...

Мамлакатимиздаги карантин ҳолатида барчамиздан тегишли қонун-қоидалар ва тавсияларга сўзсиз амал қилиш талаб этилади. Шу орқали биз фидокорона хизмат олиб бораётган шифокорларга ёрдам беришимиз мумкин. Дарҳақиқат шифокорлар бугунги куннинг ҳақиқий қаҳрамонларига, энг керакли шахсларига айланишди. Аммо буни ҳамма, жумладан, айрим ички ишлар органлари ходимлари тўлиқ англаб етмаган кўринади.

Барчамизга маълумки, карантин шароитида автомобиль ҳаракати чекланди. Аммо инсон ҳаёти, соғлиғи, хавфсизлигига таъсир этувчи бир қатор соҳа вакилларининг автомобиллари истисно тариқасида ҳаракатланишига рухсат берилди. Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича республика комиссиясининг жорий йил 8 апрель кунидаги 17-сон қарори билан уларнинг рўйхати ҳам тасдиқланди. Рўйхатда тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат автомашиналари ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситаларига ҳеч қандай рухсатномасиз, эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи берилган. Шу билан бирга, ушбу ҳуқуқ хусусий тиббиёт муассасаларининг хизмат автомашиналарида ҳам мавжуд.

Аммо, менга давлат муассасасида ишлайдиган бир нечта шифокорлар томонидан шахсий автомобилидан фойдаланган ҳолда ишга бориш ва келиш жараёнида ички ишлар органлари томонидан тўхтатилиб, қарантин қоидаларини буздингиз, дея автомошиналари жарима майдончасига қўйилётгани бўйича мурожаатлар келиб тушди.

Ҳа, битта-иккита ҳолатда англашилмовчилик бўлгандир, ҳудуддаги ички ишлар бошқармасига чиқиш орқали масала ечилади деб, “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида ушбу масалани ўртага ташладим. Шунда қолган депутатлар ҳам бу бўйича кўплаб мурожаатлар бўлаётганини қайд этишди.

Демак, масала жиддий, у битта иккита ҳудудда эмас, кўплаб жойларда содир бўлмоқда. Ишига бориб беморларни даволаши керак бўлган шифокорлар бугун ички ишлар органлари ходимидан ўз ҳуқуқини талаб қилиш билан овора.

Мазкур ҳолат бўйича адлия вазири Русланбек Давлетовга чиққанимизда Республика комиссиясининг 8 апрелдаги қарори амалда эканлигини, унга кўра, давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларининг хизмат автомашиналари ва давлат муассасасида ишловчи шифокорларнинг шахсий автомашиналари билан ҳаракатланишига чеклов йўқлигини маълум қилди.

Шу билан бирга, бугуннинг ўзида худди шу мазмунда вазирликнинг “Huquqiy axborot” телеграм каналида батафсил тушунтириш ҳам берилди.

Кўриб турганингиздек, қарор ўз кучида, сизу биз ўқиганимиз ва тушунганимиздай шифокорларга автомашиналридан фойдаланишга рухсат берилган. Аммо шу оддий жумлаларни ва ҳақиқатни наҳотки, айрим ички ишлар органлари ходимлари тушунмаган бўлса?

Бу ерда ушбу оқибатларга олиб келувчи икки хил сабаб мавжуд бўлиши мумкин. Яъни, вазирлик томонидан махсус комиссия қарорига зид бирор бирор буйруқ, йўриқнома ишлаб чиқилган ва улар шунга амал қилишмоқда.

Ёки ички ишлар органларининг жойлардаги айрим ходимлари қарор талабларини ва бугунги вазиятни тўлиқ тушуниб етмаган ҳолда салла деса каллани олиш билан банд.

Нима бўлганда ҳам, мазкур вазият бўйича ички ишлар органларининг аниқлаштирувчи муносабатини ҳамда хавфсизликни таъминловчи ходимларнинг соғлиғимизни сақловчи ходимлар фаолиятига ҳалақит эмас, аксинча, ёрдам беришларини сўраб қоламиз.

Маҳфират ХУШВАҚТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.

7 569
ЎзА