Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.03.2018 14:11 Чоп этиш версияси

Шифохонани ўмарган ўғри топилди

Сурхондарё вилояти сил касаллигига қарши кураш диспансери маъмурияти Термиз шаҳар ички ишлар бўлимига мазкур тиббиёт муассасасида ўғирлик содир бўлганини маълум қилди. Хабарга кўра, тунда номаълум шахс лаборатория бўлимидан қиймати 8 миллион 905 минг 304 сўмлик “Twincubator – 7025009” русумли қон ўлчагич, 12 миллион 525 минг 615 сўмлик “Primo star” русумли микроскоп ускуналари, бир дона тефаль ҳамда битта тиббий халатни ўмариб кетган.

Хўш, бу жиноятни ким содир этган бўлиши мумкин? Албатта, бундай нохуш воқеани тўсатдан эшитган инсон турли шубҳалар гирдобига тушади.

Тезкорлик билан олиб борилган қидирув ишлари касалхонада бундай шубҳаю гумонга ўрин қолдирмади. Лаборатория жиҳозларини тиббиёт муассасаси жойлашган Темир йўлчи маҳалласида яшовчи 40 ёшдаги Шокир Лайлиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўғирлагани аниқланиб, ушланди ва ашёвий далиллар ҳужжатлаштириб олинди.

Бундан 6 йил муқаддам ҳам ўғрилик жинояти учун судланган Ш.Лайлиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
9 287