Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.07.2018 23:30 Чоп этиш версияси

Шифокорларнинг ўзи ўтадиган тиббий кўрик пулликми?

Шифокорларнинг ўзи ўтадиган тиббий кўрик пулликми? Парламент қуйи палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Тиббиёт ходимларининг даврий тиббий кўригини ташкил этиш масалалари: муаммо ва ечимлар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликлари, Бош прокуратура, Республика давлат санитария-эпидемиология назорати мутасаддилари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда тиббиёт ходимларига қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Юртимизда тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ҳаракатлар стратегияси доирасида тиббиёт соҳасининг барча бўғин ва йўналишларини ислоҳ қилишга қаратилган 70 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар изчиллигини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзолари томонидан жорий йилда мамлакатимизнинг 70 туман ва шаҳрида соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳолат ўрганилди. Аниқланган 2 мингга яқин камчилик ва муаммонинг 800 га яқини депутатларнинг амалий ёрдами билан бартараф этилди.

Давра суҳбатида қўмита олиб борган ўрганишлар жараёнида ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш билан боғлиқ қонунчилик ижроси бўйича амалга оширилган назорат-таҳлил натижаларига эътибор қаратилди. Маълумки, амалдаги қонунчиликка кўра, тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган тиббиёт ходимлари тоифалари белгиланган. Бу жараён бепул амалга оширилиши керак. Аммо депутатлар Тошкент, Фарғона, Навоий ва Наманган вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари фаолиятини ўрганганда ноқонуний ҳолат – пуллик хизмат кўрсатилаётгани аниқланди.

Давра суҳбатида Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликларига бюджет ташкилотлари, жумладан, тиббиёт ходимларини чиқимдор қилмасдан тиббий кўрикларни ташкил қилиш чораларини белгилаш вазифаси юкланди. Даволаш-профилактика муассасаларининг соҳадаги муаммоларни бартараф қилишга қаратилган таклиф ва мулоҳазалари тингланди.

А.МУСАЕВ, ЎзА
4 022