ШЭС қурилиши бўйича биринчи тендерда 70 инвестор иштирок этмоқчи
Ўзбекистонда қуввати 100 МВт га тенг бўлган биринчи шамол электр станцияси (ШЭС) қурилишида иштирок этиш учун 30 мамлакатдан 70 компания ва консорциумлар ариза берди.
Ўзбекистонда қуввати 100 МВт га тенг бўлган биринчи шамол электр станцияси (ШЭС) қурилишида иштирок этиш учун 30 мамлакатдан 70 компания ва консорциумлар ариза берди. Аризалар шу йилнинг 13 майигача қабул қилинди, деб хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Мустақил электр энергия ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Молия вазирлиги қошидаги давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш агентлиги томонидан лойиҳада иштирок этишга таклиф қилинди.
Тендер ғолиблари ушбу лойиҳа доирасида объектларни ишлаб чиқиш, молиялаш, қуриш, уларга эгалик қилиш ва фойдаланишга иштирок этади.
Шамол энергетика лойиҳаси бўйича биринчи тендер Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида амалга оширилади. Бундан кўзланган мақсад умумий қуввати 1 ГВт. га тенг шамол электр станцияларини қуришдир.
Ушбу шамол электр станцияларини ва тегишли инфратузилмани қуриш учун майдон Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманидан танланган.
Айтиш керакки, ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан амалга оширилаётган қайта тикланувчи электр манбаларини ишга тушириш бўйича кенг кўламли стратегиянинг бир қисмидир. Умуман олганда, яқин 10 йилда мамлакатда электр энергияга ўсиб бораётган талабни қондириш мақсадида иқтисодий самарали ва экологик соф шамол электр станциялари қаторини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.