Шерзод Шерматов: “Келинг, ерга тушайлик...”
Тошкент давлат педагогика университетида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов иштирокида “Вазир ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Тошкент давлат педагогика университетида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов иштирокида “Вазир ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2019 йил 27 декабрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида халқ таълими тизимида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, 2020 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.
Мазкур дастур доирасида халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг ёшлар билан билан очиқ мулоқот ўтказиш графиги ишлаб чиқилган.
Ёшлар билан учрашув доирасида халқ таълими вазири бўлажак ўқитувчиларга халқ таълими тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, талабаларга жамиятимизда ўқитувчилар обрўини ошириш, мактаб инфратузилмаси ва ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Очиқ мулоқотда мактабда ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган талабалар тизимдаги мавжуд муаммолар бўйича вазирга савол берди.
Вазир тизимда турли лавозимларда бўш иш ўринлари мавжудлигини таъкидлаган ҳолда, ёш мутахассисларни тизимни ривожлантириш учун ўз ҳиссаларини қўшишга чақирди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов иштирокидаги бу каби учрашувлар ҳар ойда ўтказилиши режалаштирилган.
Февраль ойида умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритаётган ёш директорлар билан, март ойида фан олимпиадалари ғолиблари ва иштирокчилари, апрель ойида умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритаётган ва таҳсил олаётган ёш хотин-қизлар, май ойида умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчилари, июнь ойида эса Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари билан учрашувлар ўтказилади.
Учрашув савол-жавобларга бой бўлди.
Талабалар юқори синф ўқувчилари учун стипендиялар жорий этиш таклифини билдирди.
Вазир бу таклифга фикр билдирар экан, “... агар қайсидир даражада моддий ресурслар ортиб қоладиган бўлса, уни аввало ўқитувчининг ойлик маошини оширишга йўналтириш таклифини берган бўлардим”, деди.
Шунингдек, талабалар ишга кириш жараёни жуда мураккаб бўлаётгани, ортиқча ҳужжатлар талаб этилаётгани хусусида танқидий фикр билдирди.
“Қайсидир мактаб раҳбари ортиқча ҳужжатларни талаб қилаётган бўлса, факт билан буни ўрганиб чиқамиз. Агар шундай вазият бўлса, бунда коррупция ёки таниш-билишчилик иллати бўлаётган бўлиши мумкин”, деди Шерзод Шерматов.
Хусусий мактаблардан давлат мактабларига ўқувчиларнинг қайтишига нима сабаб бўлган?
Халқ таълими вазири учрашувда айни саволга жавоб берди ва хусусий мактаблар ҳақида танқидий ва таҳлилий фикрларини билдирди.
Ўтган йилда бир ярим минг нафар ўқувчи хусусий мактаблардан давлат мактабларига қайтди. Нима учун?
Халқ таълими вазири бу жараённи хусусий мактаб бизнес сифатида қабул қилинганда яхши оқибатларга олиб келмаслиги билан изоҳлади.
Шунингдек, “Мактаблар техник жиҳатидан тўлиқ жиҳозланганми?”, деган саволга вазир: “Келинг, ерга тушайлик... Шароитлар ҳозир университетингизда ҳам тўлиқ эмас. Очиқ айтаман, мактабларда шароит қониқарли эмас. Ҳаммаси яхши демайлик. Ҳозир очиқлик сиёсати бўляпти. Пул ажратиляпти. Энди яратяпмиз”, дея жавоб берди.
Учрашувда дарсликлар, ундаги хатолар, чоп этувчи нашриётлар муҳаррирларининг масъулияти, дарсликларнинг сотилиши ва электрон дарслик яратишдаги ишлар ҳақида ҳам сўз борди.