Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2018 15:56 Чоп этиш версияси

Шерободлик Шавкат Азимқулов: "Ана буни адолат деса, бўлади..."

Сурхондарё вилоятидаги олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар учун тест синовлари юксак савияда бошланди.

Президентимиз ғамхўрлиги билан мамлакатимиз таълим тизимида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар жанубдаги воҳада ҳам ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, барча тармоқлар учун етук салоҳиятли кадрлар тайёрлаш, айниқса, таълим, тиббиёт соҳалари ва аграр тармоқни малакали мутахассислар билан таъминлашга эътибор янада кучайтирилаётир. Шунга мувофиқ, вилоятда мамлакатимиздаги етакчи олий таълим муассасаларининг филиаллари ташкил этилиб, ёшларнинг ўзлари танлаган касб сирларини мукаммал эгаллаши учун барча замонавий шароитлар яратилди.

Ўтган йили Термиз шаҳрида И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника ва Тошкент давлат аграр университетларининг филиаллари ташкил этилган бўлса, жорий йилда Тошкент давлат тиббиёт академияси, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиаллари ва Термиз давлат университетининг Денов филиали фаолияти йўлга қўйилиб, воҳа эҳтиёжи учун зарур кадрлар тайёрлаш жорий этилди.

Бу йилги тест синовларини юқори савияда ташкил этиш учун воҳада абитуриентлар учун ҳам, ота-оналар учун ҳам зарур қулайликлар яратилди. Тамомила янги кўринишда ўтказилаётган тест синовлари учун замонавий, кенг, ёруғ спорт заллар танланиб, жиҳозланди. Кузатув камералари ўрнатилди. Эндиликда ота-оналар фарзандларининг тест саволларини қандай ечаётганини бемалол мониторларда томоша қилиши, тест синовларининг очиқ, ошкора ўтаётганини кузатишлари мумкин.
Маълумотларга кўра, бу йилги қабул жараёнида воҳадаги олий таълим муассасаларига қарийб 57 минг ўғил-қиз ҳужжат топширган. Вилоятда янги тартибда ўтказилаётган тест синовларини Тошкент давлат тиббиёт академияси Термиз филиали абитуриентлари бошлаб берди.

– Коллежни тугатганимга тўрт йил бўлди, – дейди Ангор туманидаги "Гулзор" маҳалласида яшовчи абитуриент Азимжон Салимов. – Шифокор бўлишни орзу қиламан. Ўтган йилларда омадим чопмади. Бу йил имтиҳонга янада жиддий тайёрланиб, ҳужжатларимни Тошкент давлат тиббиёт академияси Термиз филиалига топширдим. Замонавий усулда жиҳозланган кенг залда очиқ, ошкора тест синовларини муваффақиятли топширдим. Бу йил саволлар ҳам анча енгиллашибди. Тест синови умуман янги усулда ўтказилгани, ҳеч кимнинг телефон ёки шпаргалкалардан фойдаланишга имконият берилмагани бу жараённинг янада адолатли бўлишига хизмат қилди. Биз, ёшларнинг ўз орзуимизни рўёбга чиқаришимиз учун кўрсатилаётган бундай эътибордан беҳад мамнунмиз.

Тўртта иншоотда ташкил этилган имтиҳонни ота-оналар йирик мониторлар орқали бевосита кузатиб туриш имкониятига эга бўлди.

– Қизим Гулмира болаликдан шифокор бўлишни орзу қилади,– дейди Шеробод туманилик Шавкат Азимқулов. – Бу соҳа бўйича уни пойтахтда қандай ўқитамиз, деб кўп ўйлар эдим. Президентимизга раҳмат. Мана, ўзимизда тиббиёт академиясининг филиалини очиб бердилар. Энди фарзандларимиз кўз ўнгимизда ўқиши мумкин. Гулмира шу йил Шеробод тиббиёт коллежини тамомлаб, Тошкент давлат тиббиёт академияси Термиз филиалига ҳужжат топширди. Бугун тест синовларида иштирок этмоқда. Ана, мониторда биз, ота-оналар фарзандларимизнинг қандай ҳаракат қилаётганини ўз кўзимиз билан кўриб ўтирибмиз. Буни адолат деса бўлади. Яна бир гап: ҳар йили биринчи август куни тест баҳонасида Термизга тумонат одам тўпланиб қолар эди. Қаранг, бу йил тест синовларининг 15 кун этиб белгилангани натижасида одам ҳам унчалик кўп эмас. Ҳар қалай, кўчаларда бемалол ҳаракатланса бўлади. Болаларимизнинг ўқишга кирган-кирмаганини эртанинг ўзида билишимиз мумкин экан. Хуллас, бундай қулайликларни яратаётган давлатимиздан миннатдормиз.

Вилоятда тест синовлари 14 авустгача давом этади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
7 225