ЎзА Ўзбек

20.08.2018 12:19 Чоп этиш версияси

Шеробод цемент заводи: йилига 1,5 миллион тонна маҳсулот

Шеробод цемент заводи: йилига 1,5 миллион тонна маҳсулот Сурхондарё вилоятининг тоғли Вандоб қишлоғида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан бунёд этилган Шеробод цемент заводининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, қурувчилар, маҳалла фаоллари ва янги корхона ишчи-хизматчилари иштирок этган тадбирда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Хурсандов, Туркиянинг “DAL Texnik Makina” компанияси бош директори Чиғатой Косе ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, чет давлатлар билан йўлга қўйилаётган мустаҳкам дўстлик, ҳамкорлик алоқалари мавжуд хом ашё ресурсларидан оқилона фойдаланиб, юртимизнинг саноат салоҳиятини янги босқичда юксалтириш ва миллий иқтисодиётимизни ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

13.jpg

Президентимизнинг 2016 йил 10 октябрдаги “Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида цемент заводини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал вазифасини ўтади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг қиймати 212,8 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳаси билан танишиб, тегишли тавсиялар берган эди. Шунга асосан йирик завод қурилиши қисқа вақтда сифатли якунланиб, энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида вилоятнинг қурилиш саноатини ривожлантиришга, экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қила бошлади.

Шеробод туманидаги йирик захирага эга қурилишбоп ноёб хом ашёни қайта ишлаш корхонаси қурилишида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятига катта ишонч билдирилганида чуқур маъно бор. Зеро, мамлакатимиздаги энг йирик ишлаб чиқариш қувватларидан бири бўлган мазкур саноат корхонаси нодир, рангли ва қимматбаҳо металларни қазиб олиб, сифатли қайта ишлашда бой тажриба тўплаган. Комбинат конларидан қазиб олинаётган маъданлар таркибида Менделеев даврий жадвалидаги элементларнинг деярли барчаси мавжуд. Корхонада ишлаб чиқарилаётган олтин ва кумуш Лондон қимматбаҳо металлар биржасининг сифат белгиси, яъни “Яхши етказиб берувчи” мақомига эга. Мис ишлаб чиқариш жараёнида сифат тизими менежменти жорий этилиб, унга Халқаро мувофиқлик сертификати олинган. Ушбу сертификат комбинатнинг Жиззахдаги цемент ишлаб чиқариш жараёнига ҳам берилган.

Йирик корхонани тез, сифатли барпо этиш учун “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Туркиянинг “DAL Texnik Makina” компанияси билан заводни тайёр ҳолда топшириш юзасидан тегишли шартнома имзолади. Хорижлик бунёдкорлар Тошкент шаҳридаги “Элемент қурилиш” шўъба корхонаси билан ҳамкорликда йирик цемент заводини қисқа муддатда сифатли қуриб, фойдаланишга топширди.

14.jpg

Пурвиқор тоғ бағридаги 55 гектар майдонда қад ростлаган янги завод ҳудудида соатига 800 тонна оҳактошни майдалаш корпуси, хомашёни тақсимлаш бункери, вертикаль майдаловчи тегирмон, клинкерни совитиш ва кўп поғонали циклонли қизитиш иншооти, оловбардош материаллар, цемент сақлаш омборлари, клинкерни сақлашга мўлжалланган ёпиқ ва очиқ омбор, айланувчи йирик печь, клинкерни электр совитиш камераси ва бошқа объектлар қурилиб, ишга туширилди. Шунингдек, маиший чиқинди сувларни тозалаш иншооти, ишчи-ходимларнинг дам олиш мажмуаси, мўъжаз кинотеатр, спорт майдончалари, замонавий ошхона, ётоқхона, ҳаммом, кир ювиш биноси қурилиб, завод ихтиёрига топширилди. 37,8 километр масофага табиий газ қувури тортилди, юқори кучланишли электр тармоғига уланди. Янги темир йўл линияси бунёд этилди. Автомобиль йўли тубдан таъмирланаётир.

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятидан олинган маълумотларга кўра, хорижнинг замонавий ускуналари ўрнатилган янги завод йилига 1,5 миллион тонна сифатли цемент ишлаб чиқариш қувватига эга. Ишлаб чиқарилаётган цемент маҳсулоти мамлакатимиз, айниқса, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг қурилиш материалига бўлган талаб ва эҳтиёжини қондиришда муҳим аҳамият касб этади. Корхона фойдаланишга топширилиши билан мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланди.

– Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами арафасида янги корхонага компьютер оператори лавозимига ишга қабул қилинганимдан бахтиёрман, – дейди Р.Ҳимматов. – Бу ерда барча ишлар замонавий компьютерлар ёрдамида бошқарилади. Ишчиларнинг унумли меҳнат қилиши ва ишдан бўш вақтида мароқли ҳордиқ чиқариши учун зарур шароит яратилган. Шундай йирик корхонада меҳнат қилиб, мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиш бахтига муяссар бўлганимдан фахрланаман.

Айни пайтда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган 15 турдан ортиқ рақобатбардош маҳсулот Европа мамлакатлари, Россия, Хитой, Туркия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатларга экспорт қилинаётир. Келгусида бу ерда ишлаб чиқарилаётган цементнинг ички бозордан ортиқ қисмини хорижга экспорт қилиш мўлжалланмоқда.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Б.Пўлатов сўзга чиқди.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
6 898