ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

“Шереметга суиқасд” иши бўйича терговда янгиликлар маълум бўлди

“Шереметга суиқасд” иши бўйича терговда янгиликлар маълум бўлди

Журналист Павел Шереметни ўлдиришда гумонланган уч нафар шахсга нисбатан терговнинг фикри ўзгариб қолди. Аввалроқ мазкур фожиани уюштиришда айбланганлардан бири Андрей Антоненконинг адвокати Леонид Маслов ОАВга маълум қилишича, энди суиқасд ташкилотчилари номаълум эмиш.

“Тахминий айблов хулосалари ўзгарди. Ўзгартириш мазмуни қисқача: “ультрамиллий ғоялар“, “ария ирқининг улуғланиши“ сингари иловалар олиб ташланди. Булар ўрнида “шахси аниқланмаган кишилар ўзларининг бир қатор шахсий манфаатларидан келиб чиқиб, кейинчалик кўп сонли норозилик намойишларини қўзғатиш мақсадида кучли акс садо бериши кутилган воқеаларни юзага чиқаришга қарор қилган“ қабилидаги сўзлар пайдо бўлди. Айнан ўша номаълум шахслар Андрей Антоненко, Яна Дугарь ва Юлия Кузьменкони “жалб қилишган“. Пул эвазига эмас“, — деб ёзган Маслов ижтимоий тармоқ орқали.

Адвокатнинг таъкидлашича, энди Антоненко ташкилотчи эмас, балки “олдиндан келишилган фитна бўйича оддий ижрочи“. У шунингдек, Кузьменко аввал баён қилинганидек тугмачани босмаганлиги, фақат Антоненко билан бирга портловчи моддани жойлаштирганини ҳам қўшимча қилган.

“Уларнинг бўйнига энди “Subaru” русумли машинани йўқ қилганликлари ва ҳали ошкор қилинмаган усулда портловчи модда сақлаганликлари ҳам қўйилди. Бу яна қўшимча 2 та модда бўйича айблов дегани“, — дейди у.

2019 йил декабрда Украина ИИВ раҳбари Арсен Аваков Миллий полиция журналист Павел Шереметни ўлдиришда гумонланаётган шахсларни қўлга олгани тўғрисидаги баёнот билан чиққанди. Терговнинг фикрича, воқеага дахлдорлар энг камида 5 нафар, улар орасида Донбассдаги ҳарбий операция иштирокчилари ҳам бор. Ҳозирча уч киши ушланган. Қотилликнинг асосий сабаби сифатида мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришга уриниш келтирилмоқда.

Украинада журналистларга тазйиқ ўтказиш ҳолатлари тез-тез учрайди. Масалан, сайловларни ёритмоқчи бўлган Италия давлат телевидениеси — “RAI” мухбири Марк Иннаро Украинага киритилмаган. Шунингдек, 2017 йил 22 июнда пойтахтда товламачиликда айбланиб ҳибсга олинган “Страна.ua (http://%D0%A1%D1%82%D1%80%D0%B0%D0%BD%D0%B0.ua)” интернет-портали муҳаррири Игорь Гужванинг таъқибга учраши, ОАВдаги чиқишлари учун давлатга хиёнат қилганликда айбланган журналист Василий Муравицкийнинг қамоққа ташланиши, 400 кундан зиёд турмада ушланган ва кейинчалик Украина суди томонидан озод қилиниб, Россияга учиб кетган РИА Новости Украина” портали раҳбари Кирилл Вишинский билан рўй берган воқеалар ҳам бунга мисол бўла олади.

Павел Шеремет эса 2016 йил 20 июль куни Киевда автомобиль портлатилиши оқибатида ҳалок бўлган. Тергов суиқасд сабаби сифатида кўрсатилаётган бош версия касб фаолияти билан боғлиқ ўч олиш мақсади, деб ҳисобламоқда.

926
ЎзА