ЎзА Ўзбек

02.03.2020 Чоп этиш версияси

“Шайна” жиноий тўдасини қўлга олган Қашқадарё прокурори ҳибсга олиниб, ертўлада қийноққа солинди, НЕГА?.. (+ВИДЕО)

“Шайна” жиноий тўдасини қўлга олган Қашқадарё прокурори ҳибсга олиниб, ертўлада қийноққа солинди, НЕГА?.. (+ВИДЕО)

Йиллар давомида “Шўртан газ” мажмуасидан бензин конденсати ўғирлаб келинган. 2008 йилда Қашқадарё вилояти прокурори биринчи ўринбосари Фарҳод Шайманов ўша вақтдаги Бош вазир топшириғи билан бензин конденсати ўғриларини йўқ қилишга киришади. 

Фарҳод Шаймановга Ўзбекистон миллий ресурсини ўғирлаб сотаётган катта “Шайна” жиноий тўдасини қўлга олиш жуда қимматга тушади. Унинг кейинги ҳаёти таҳдид, тазйиқлар, ноҳақ қамалиш ва қамоқдаги қийноқлар билан ўтади.

ТЎДА ЙЎҚ ҚИЛИНИШИДАН КЎПЧИЛИК МАНФААТДОР ЭМАС ЭДИ

“Шайна” жиноий гуруҳи фаолияти 10, 15 йиллар давом этиб келган. Заводда махсус йирик қувур ўрнатилиб, у орқали бензин конденсати қисқа вақт ичида керакли жиҳозларга тўлдириб олинган ва Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларига етказилган. 

Шунингдек, “Шайна” жиноий тўдаси конденсатни қўшни Афғонистонга ҳам сотиб келган. Бу ишда табиийки, Шўртан газ раҳбарияти ҳам алоқадор бўлган. 

Фарҳод Шаймановнинг айтишича, Шўртан газ заводидаги бу қинғирликлардан деярли бутун Қашқадарё аҳли хабардор бўлган. Ўша вақтда Бош вазир лавозимида бўлган Шавкат Мирзиёев йиллар давомида мустаҳкам илдиз отган жиноий тўдага барҳам бериш бўйича махсус топшириқ беради. Топшириқни бажариш вазифаси Фарҳод Шаймановга зиммасига юклатилган эди.

“Шайна” тўдаси прокурорнинг оиласига ва шахсий ҳаётига ҳам таҳдид қилади, уни машинада портлатиб юбориш билан қўрқитади. Фарҳод Шайманов шунга қарамасдан топшириқни Миллий хавфсизлик хизмати вакиллари билан ҳамкорликда муваффақиятли бажаради. Жиноий тўда шунчалар илдиз отиб кетгандики, улар ҳатто вилоят прокурорларига ҳам таъсир ўтказа олган. Шу сабабли ҳам, вилоят прокурори Шаймановга ишни ёпишни таклиф қилади. Бироқ, у таклифга кўнмайди. Аввалига 7 киши кейинчалик 67 нафар фуқаро “конденсат иши” бўйича жиноий жавобгарликка тортилади. 

Шунингдек, “Шўртан газ” мажмуаси раҳбарияти вакиллари ҳам қонун олдида жавоб беради. Лекин иш муваффақиятли якунланган бўлишига қарамай, унинг лавозими кўтарилиши ўрнига аксинча, туширилади ҳамда Шайманов Қашқадарё вилояти прокурори биринчи ўринбосари лавозимидан Сурхондарё вилояти прокурори ўринбосарлигига ўтказилади.

ПРОКУРОРНИНГ ҲАЁТИ ХАВФ ОСТИДА ҚОЛДИ

Шайманов йирик жиноий тўдани йўқ қилгач, унинг ҳаёти хавф остида қолади. “Тазйиқлар ортида жиноий тўда вакиллари ва Республика собиқ Бош прокурори турган”, дейди у. Шаймановдан ортиқ конденсат ишига аралашмаслик сўралади. Шунга қарамай унга тазйиқлар тугамайди. Фарҳод Шайманов Сурхондарё вилояти прокурори ўринбосари лавозимига ўтказилгач ҳам унга қарши провокация уюштиришга уринадилар. 

“Шўртан газ” мажмуасида конденсат ўғрилигига барҳам берилган, давлат ресурсини миллиардлаб ўғирланишига чек қўйилганди. Аммо, Фарҳод Шаймановнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмайди. У Сурхондарёда ишлаб келаётганига қарамай, ундан ишлаб турган лавозимидан воз кечиши сўралади.

Собиқ Бош прокурор Шаймановдан нега икки йил аввалги “конденсат иши”га аралашганини сўроқ қилиб, унга дўқ уради. Бу дўқ уришлар Шаймановнинг соғлигига жиддий таьсир қилади. У республика Бош прокуратураси биносининг ўзида иш вақтида инсультга чалинади ҳамда етти ойдан ортиқ касалхонада ўлим билан олишади.

ПРОКУРОР: “ТИРНОҚЛАРИМ ОРАСИГА ИГНА ТИҚИШГАН”

12.JPG

Шайманов касалхонадалигида қонунга хилоф бўлса-да, уни ишдан олишади. Шаймановни Тошкент вилояти Зангиота тумани прокурори лавозимига ўтказади. У ерда ҳам узоқ фаолият юрита олмайди. Занги ота тумани прокуратурасида унга провакация уюштирилади. 

Шаймановга туман прокуратураси дарвозаси олдида муқаддам 3 маротаба судланган ва прокуратуранинг нопок ходимлари билан тили бир фуқаро пора беришга уринади. Аммо бу провакация амалга ошмайди. Шайманов ўзига пора тиқиштиришга уринган шахс билан жанжаллашади, оқибатда пуллар узоққа отилиб кетади. Шундан сўнг улар Шаймановни куч билан машинага ўтқазиб, унинг чўнтагига пулларни зўрлик билан солишга уринади.

Шовқин-сўрон кўтарилиб, атрофда гувоҳлар кўпайгач, Шаймановни машинада Тошкент вилояти прокуратурасига олиб боради. У ерда прокурор Тоҳир Ҳусанов томонидан бўлган воқеаларнинг акси қоғозга туширилиб, Шаймановдан имзо қўйишни талаб қилишади.

Шайманов имзо чекишдан бош тортади ва воқеаларни борича ёзиб беради. Шундан сўнг у учун давомли қийноқлар бошланади, унга қамоқхонада даҳшатли азоб беришади. 

“Менинг тирноқларим орасига игна тиқишди, ертўлага олиб кириб калтаклашди, маҳбусларга дўппослатишди. Ҳар уч кунлик қийноқлардан сўнг, тонгда Тоҳир Ҳусанов келиб, мендан иқрор кўргазмасини талаб қиларди”, дейди Шайманов.

Давлат мулкини талон-торож қилиб келган жиноий тўдани йўқ қилган, прокурор ходимининг карьераси шу зайлда азоблар ва таҳқирлашлар билан давом этган. 

“Мен ўлим билан олишдим. Ҳар уч кунлик қийноқлардан сўнг ҳушимдан кетган вақтларим бўлди. Тунда қамоқхона ертўласида оёқларим тагига сув тўлдирилган баклажкалар билан урган. Менга берилган шунча азоблар бошида ўзим аттестациядан ўтказган шогирдим Тоҳир Ҳусанов турган эди. У менга “Сени 10 та модда билан қаматиб, умрингни қамоқхонада чиритаман”, деб ўшқирар эди”, дейди Фарҳод Шайманов. 

У айбига иқрор бўлмайди, айбдорлик қоғозига Шаймановнинг имзоси қўйилмайди. Шунга қарамасдан унга ҳукм ўқилади ва озодликдан маҳрум этилади.

У Бекободда ҳибсда бўлган вақтда “шайна” жиноий тўдаси одамлари келиб, унга “жим юришни” уқтиришади. Шайманов бир йил-у, икки ой умрини қамоқхонада ўтказди. Амнистия билан озодликка чиқади. Ноҳақ қамалган Шайманов ҳуқуқларини тиклаш учун ҳужжат кўтариб , 5-6 ойлаб тегишли идораларга қатнайди. 

У ОҚЛАНАДИ, БИРОҚ...

2018 йил апрель ойида Шайманов оқланди. Бироқ, ҳозирда у оқланиш ҳақидаги бир парча қоғоздан бошқа ҳеч нарсага эга эмас. Унга келтирилган маънавий ва моддий зарарлар қопланмаган. Шайманов ўз ҳуқуқлари тўлиқ тикланмаган, деб билмоқда. У йўқотилган 10 йиллик фаолиятини тикланишини сўраб келмоқда. Собиқ бош прокурорнинг кадрлар бўлими бошлиғи Жаҳонгир Мирсафоевга унинг қилган мурожаатлари тўлиқ қондирилмаган. 

Шайманов ҳозиргача Халқ қабулхоналарига тўрт юздан ортиқ хатлар, мурожаатлар жўнатиб, лавозимни тиклаб беришларини сўраб келмоқда. Ўз вақтида хавфли йирик жиноий гуруҳга барҳам бериб, жасорат кўрсатган прокурор ноҳақ жазоланиб, ҳибс ортига ташланди. У йўқотилган даврини қайтара оладими? Давлатга, халқига хиёнат қилмаган бўлса-да, жазоланиб, азобларга тортилган прокурорга бугун ҳукумат нима бера олади?..



76 776
Анора СОДИҚОВА, ЎзА