Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

15.03.2019 10:36 Чоп этиш версияси

Дубай Амирлиги ҳокими Ўзбекистонда “Йил одами” дея эътироф этилди

Дубай Амирлиги ҳокими Ўзбекистонда “Йил одами” дея эътироф этилди

Пойтахтимизда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан 15 март – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти директори Р.Комилов, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси жамоатчилик комиссияси ҳайъат раиси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.Кўчимов ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида одамлар оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаёт фаровонлигини ошириш, эзгу мақсад-муддаоларини қўллаб-қувватлаш маслалаларига доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Туркия ва Жанубий Кореяда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг давримизнинг давлат арбоби сифатида “Йил одами” деб эътироф этилиши барча ҳамюртларимиз қалбига чексиз фахр ва ифтихор, ғурур бағишлади. Бу каби хайрли ташаббусларнинг Ўзбекистонда ҳам бошлангани мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамияти билан ҳамқадам одимлаётганига ўзига хос ишорадир. Бундай ташаббуснинг давлат ёки бошқарув идоралари томонидан эмас, балки жамоат ташкилоти томонидан ўтказилаётганида катта рамзий маъно бор. Зеро, эндиликда “учинчи сектор” деб ном олган ноҳукумат ташкилотларининг, фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва фаоллиги охирги икки ярим йил мобайнида кескин ошди.

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари қошида тузилган жамоатчилик ҳайъати жорий йилдан бошлаб хорижий давлат ва ҳукумат раҳбарлари, аъзолари ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бошқарув идоралари раҳбарларини истеъмолчилар манфаатларини ҳимоялашга қўшган муносиб ҳиссаси учун "Йил одами" соврини билан мукофотлаш ташаббуси билан чиқди.

Шунга кўра, федерация ҳайъати 2018 йил "Йил одами" деб Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти ва Бош вазири, Дубай Амирлиги ҳокими шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ҳазрати олийларини халқаро миқёсда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижтимоий ҳаракатини ҳар томонлама ривожлантириш борасидаги буюк хизматлари учун "Йил одами" соврини билан тақдирлашга қарор қилди.

Давлат бошқаруви бўйича 50 йиллик иш тажрибасига эга, "Замонавий Дубай меъмори" дея эътироф этилган шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ҳазрати олийлари 13 йилдан бери Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти ва Бош вазири, Дубай Амирлиги ҳокими лавозимларида фаолият юритиб келади. Унинг раҳбарлигида Дубай шаҳрида оламшумул лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида мазкур шаҳар куррамиздаги энг йирик савдо-кўнгилочар марказлардан бирига айланди.

Тадбирда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг "Йил одами" соврини соҳиби сифатида Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти ва Бош вазири, Дубай Амирлиги ҳокими шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ҳазрати олийлари эълон қилинди. Ушбу совриннинг махсус статуэткаси ва дипломи Бирлашган Араб Амирликларининг мамлакатимиздаги элчихонаси муваққат ишлари вакили Рошид Али ал-Мазурга топширилди.

– Ушбу тадбир иштирокчиларига ғоят катта ва самимий миннатдорлик билдираман, – дейди БААнинг мамлакатимиздаги элчихонаси муваққат ишлари вакили Рошид Али ал-Мазур. – Шахсан ўзим шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ҳазрати олийлари "Йил одами" совринига сазовор бўлганларидан беҳад мамнунман. Айни пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилаётгани ва янада ривожланиб бораётгани икки халқ манфаатларига хизмат қилади.

58edc6a8-7410-4334-98e3-2039413aa12a.jpg

Снимок.JPG

Назокат УСМОНОВА, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА