ЎзА Ўзбек

15.01.2020 Чоп этиш версияси

Шавкат Жавлонов: “Ҳамкорлик қилаяпмиз, лекин ҳали ёшларнинг ичига, қалбига кириб бора олмадик“

Шавкат Жавлонов: “Ҳамкорлик қилаяпмиз, лекин ҳали ёшларнинг ичига, қалбига кириб бора олмадик“

Оила, турмуш муносабатлари доирасидаги жиноятлар, ажримлар ва бошқа салбий ҳолатлар 2019 йилда 2018 йилга нисбатан бирмунча камайган.

photo5255863703771917348.jpg


Бу ҳақда Республика маҳаллалар кенгаши томонидан Хотин-қизлар қўмитаси, Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар иттифоқи, “Нуроний” жамғармаси ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази билан биргаликда “Маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг 2019 йилнинг ноябрь-декабрь ойларига мўлжалланган ҳамкорлик дастури” ижросининг якуни ва 2020 йилнинг январь-июнь ойларига мўлжалланган ҳамкорлик дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросига бағишланган брифингда айтиб ўтилди.

Оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, долзарб масалалардан бири бўлган “оммавий маданият”нинг салбий таъсирини камайтириш, ёшлар ўртасида миллий қадриятларга асосланган тарбия муҳитини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис оилавий низолар ва ажримларнинг олдини олиш, оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш борасида амалий ишлар қилинмоқда.

photo5255863703771917342.jpg

Брифингда 2019 йилнинг ноябрь-декабрь ойларига мўлжалланган 7 та йўналиш ва 24 та банддан иборат Дастур асосида республика, вилоят, туман ва маҳалла даражасида оила ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, тўй ва маросимларни тартибга солиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган бир ишлар ҳақида маълумот берилди.

Ўтган икки ой давомида давлат ва жамоат ташкилотларининг барча тизимларида аҳоли билан бевосита ишлашдаги ҳамкорлик тубдан яхшилангани қайд этилди. 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши бошқарув раиси Шавкат Жавлонов “Ҳамкорлик қилаяпмиз, лекин ҳали ёшларнинг ичига, қалбига кириб бора олмадик. Ҳамкорлар билан алоҳида-алоҳида ўрганиш олиб борилади. Аҳолини бездириб, жонига тегиб кетамиз. Биз биргаликда ўрганишимиз керак. Маҳаллалардаги носоғлом муҳитли оилаларни аниқ билишимиз керак ва “Оила“ илмий-амалий тадқиқот маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда уларнинг муаммоларини ўрганишимиз шарт. Шунда нимадир муаммонинг ечимини топа оламиз“, деди.

Шунингдек, брифингда белгиланган вазифаларнинг қуйи тизимда ижроси қай даражада бўлаётгани танқидий таҳлил қилинди.

Бошланган ишларни тизимли давом эттириш мақсадида “Маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг 2020 йил январь-июнь ойларига мўлжалланган ҳамкорлик дастури” лойиҳаси ишлаб чиқилган.

7 та йўналиш ва 27 та банддан иборат ушбу Дастур асосида республика, вилоят, туман ва маҳалла даражасида ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, оила турмуш муносабатларини яхшилаш, қўни-қўшничилик, тўй ва бошқа маросимларни миллий қадриятлар асосида ташкил этиш, ёшларни катталарга ҳурмат, кичикларга иззат руҳида тарбиялаш, ҳар бир инсон қалбига миллий ғояни чуқурроқ сингдиришга қаратилган бир қатор тадбирлар белгиланган.

Тадбир давомида ҳамкор ташкилотларнинг амалий ишлари ҳам таҳлил этилди.

Брифингдан сўнг ҳудудий кенгашлар билан видеоселектор ўтказилди.

1 879
Барно МЕЛИҚУЛОВА, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА