ЎзА Ўзбек

16.08.2018 12:07 Чоп этиш версияси

Шаршаралар ҳақида нималарни биламиз?

Шаршаралар ҳақида нималарни биламиз?

Табиат гўзалликларидан бири, бу – шаршаралар. Уларнинг ҳаммаси ўзига хослиги билан бир-биридан ажралиб туради. Сайёрамизда шундай шаршаралар борки, уларни кўриб, табиат туҳфасидан ҳайратга тушмасликнинг иложи йўқ.

Буюк Британиянинг Йоркшир графлигида Она Шиптон ғори мавжуд. Афсоналарга кўра, айнан шу ерда 1488 йили йўлбошловчи сифатида кўриладиган Урсула Саутейл туғилган. Маълумки, у кўпроқ Она Шиптон номи билан машҳур эди. Маҳаллий аҳоли Урсулани иблиснинг қизи сифатида кўришарди. Ғор яқинидаги шаршара эса афсунлангани айтилади. Шаршаранинг минералларга бой сувига теккан ҳар қандай буюм бир зумда тошга айланади. Авваллари одамлар сувга яқинлашишга қўрқишарди. Айни дамда шаршара даромад манбаига айланган. Сувга ботирилган буюмлар тошга айлангани боис, сувенир сифатида сайёҳларга сотилади. Агар одамлар ҳам шаршара сувида кўпроқ туриб қолса, улар ҳам тошга айланиб қолади.

Шаршаралар нафақат сувли, балки тошли ҳам бўлади. Мексиканинг Оахака штатида Иерве-эл-Агуа шаршараси бор. Испан тилида бу сўз “қайнаётган сув” деган маънони англатади. Бу шаршара тоғ жисмларининг сув олиб келиши натижасида пайдо бўлган.

Шаршара суви аслида юқоридан пастга оқади. Аммо бунинг тескариси ҳам бўлар экан. Бундан бир неча йил аввал Буюк Британиянинг Дербишир графлигида табиатнинг ноёб ҳодисаси кузатилди. Кучли шамол сувни пастдан юқорига кўтарди. Бу ҳодиса Киндер дарёси соҳилларида сайр қилиб юрган Род Киркпатрик томонидан видеотасмага муҳрланган.

Маврикий оролининг жанубий-ғарбий соҳилларида сувости шаршараси бор. Тўғри, буни шаршара, деб бўлмайди, балки табиатнинг ноёб кўриниши, деб аташ керак. Ҳинд океанидаги Ле-Морн-Брабан ярим оролидаги мазкур кўриниш алдов бўлиб, худди сувости шаршарасини эслатади.

Калифорниянинг Йосемити миллий боғида ҳам ноёб кўринишга эга шаршара бор. Февраль ойларида сув оқими вулқондан отилиб чиқаётган оловни эслатади. Шу сабабли ҳам мазкур шаршара оловли, деб аталади. Аслида қуёш ботаётган пайтда нурлар сув оқимларини ёрқин оловли рангда намойиш қилади.

Музлаб қолган шаршаралар ҳам катта қизиқиш уйғотади. Масалан, Швеция ва Норвегия ҳар йили қиш фаслида Қор маликаси саройига айланади. Бу мамлакатларда шаршараларнинг музлаб қолиши ўзгача гўзаллик бахш этади.

Исландиядаги Литланесфосс шаршараси таърифига сўз йўқ. Гўёки бу шаршара ўзга сайёраликлар томонидан бунёд этилгандек туюлади. Аммо бу шаршара табиатдаги турли кучлар – сув, шамол ва қуёш нурининг ўзаро таъсири натижасида пайдо бўлган.

Германиядаги Триберг шаршараси ҳақида ҳам кўп гапириш мумкин. Бу шаршара Шварцвальд ўрмонида жойлашган. 163 метр баландликдан тушаётган сувни кўриш учун бир нечта томоша майдончалари бунёд этилган.

Эстониядаги Ягала шаршарасини Болтиқбўйидаги Ниагара шаршараси, деб аташади. Яна бир Валасте шаршараси эса Эстония Фанлар академияси томонидан табиат мероси ва мамлакат миллий рамзи сифатида эълон қилинган. Йилнинг совуқ кунларида 30 метрлик бу шаршара қиш эртагини эслатади.

Альп тоғидаги кўплаб шаршаралар эса қиш фаслида бутун жаҳондан келадиган музларни забт этувчилар марказига айланади.

Ҳар йили қиш ойларида АҚШнинг Миннесоте штатидаги Миннехаха шаршараси 16 метрлик биллур девор кўринишини олади.

Қиш фаслида бутун дунёдан келадиган альпинистлар Американинг Вэйл тоғ-чанғи курортидаги музга айланган Клик шаршараси гўзаллигидан баҳраманд бўладилар. Одамлар 50 метрлик муз тоғига чиқиш чоғида йиқилиб, жароҳат олишларига қарамай, муз чўққисини забт этиш ниятидан қайтишмайди.

Хитойдаги Дяошуйлоупубу шаршарасининг сувлари Цзинбо кўлига бориб қуйилади. Маҳаллий Ниагара деб аталувчи мазкур шаршара ҳам қишда музлайди.

Ш. Тўлаганов, ЎзА
8 111