ЎзА Ўзбек

25.04.2019 Чоп этиш версияси

“Шараф лентаси” акцияси бошланди

“Шараф лентаси” акцияси бошланди


Президентимизнинг жорий йил 23 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши томонидан бир қатор йирик лойиҳаларга старт берилди.

Хусусан, жорий йил май ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” шиори остида декада эълон қилинди.Декада доирасида бир қатор йирик тадбирлар ўтказилиши белгиланган. 

photo5334514317422340866.jpg

25 апрель куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан фаол ва кўнгилли ёшлар иштирокида Тошкент шаҳрининг Халқлар дўстлиги мажмуаси олди майдони, Сайилгоҳ кўчаси, Талабалар шаҳарчаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши биноси олдида жами 60 минг дона миллий байроғимиз рамзи туширилган “Шараф лентаси” юртдошларимизга тарқатилди.

Шу билан бирга “Шараф лентаси”ни тарқатиш кўнгилли акцияси 25 апрелдан бошлаб бутун мамлакатимиз бўйлаб старт олди.

photo5336899952711936777.jpg

Бундан кўзланган мақсад, аввало, бугунги мусаффо осмонимиз, тинчлигимиз ва ёруғ кунларимиз учун курашган, ҳаётини қурбон қилган ватандошларимиз, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини ёд этиш, шунингдек, ёшлар маънавий тарбиясига инсон қадри унинг хотирасини ёд этиш ва шарафлаш билан улуғ эканлигини сингдиришдан иборат.

Шунингдек, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши мазкур байрамни ёшлар орасида кенг оммалаштириш, уларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 10 майига қадар “Менинг бобом меҳнат фахрийси!” шиори остида фотосуратлар танловини ҳам эълон қилди.

photo5337321585356417700.jpg

Танловда иштирок этиш учун ёшлар Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида меҳнат қилган, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийси бўлган боболари билан фотосуратга тушиб, суратларни #bobombilanfaxrlanaman, #meningbobommehnatfaxriysi хештэглари остида ижтимоий тармоқларга жойлаштиради. Танлов ғолиблари декада якунларига кўра, ташкилий қўмита қарори билан эсдалик совғалари билан тақдирланади.

photo5337321585356417701.jpg

Мазкур акция давомида иштирокчилар “Шараф лентаси” акс этган фотосуратларни #SharafLentasi, #RibbonHonor, #ЛентаСлавы хештеглари остида ижтимоий тармоқларга жойлаб боради.


2 738
Барно Мелиқулова, ЎзА