ЎзА Ўзбек

12.07.2019 18:06 Чоп этиш версияси

“Шарқ юлдузи” ва “Гулистон” журналларининг янги сонлари чоп этилди

“Шарқ юлдузи” ва “Гулистон” журналларининг янги сонлари чоп этилди

"Гулистон" журналининг жорий йилдаги 3-сони илк саҳифасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табриги ўрин олган. 

Журналист Воҳид Луқмоннинг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов билан “Аҳоли саломатлиги – жамиятимизнинг бебаҳо бойлиги” мавзусида суҳбати чоп этилди. 

Журналнинг “Хотира — азиз, кадр – муқаддас“ рукнида таниқли ижодкорлар ва санъаткорлар ижодидан намуналар, хусусан, З.Муҳаммаджонов, О.Шарафиддинов, Т.Қайипберганов, И.Юсупов таваллудларининг 90 йиллиги муносабати билан бир қатор мақолалар эълон қилинган.

Шермурод Субҳоновнинг “Асосий мақсадимиз – одамлар розилигига эришиш”, Манзура Шамсиеванинг “Бола қалби билан яшаш завқи”, Ойдин Нисонинг “Бутун Олам сўздан иборат” номли мақолаларида жамиятимизнинг етук шахслари билан ёзиб олинган интервьюлар ҳавола этилган. 

“Бир сурат тарихи“ рукни остида берилган “Қардошлик ифодаси” мақоласида 1979 йилда Озарбайжонда ўтказилган Ўзбекистон адабиёти ва санъати ўн кунлиги тантаналарида икки халқ адабиёт вакилларининг тасвирларга муҳрланган фотосурати тарихи баён этилган. 

Шунингдек, Тошқул Бекназарнинг “Бахт-саодат–меҳнатда”, Бекназар Дўстмуродовнинг “Мақом – ўзлигимиз кўзгуси”, Лаълихон Муҳаммаджонованинг “Томошабин одоби қай даражада шаклланган”, Хуршид Қодировнинг “Корейс маданияти ва санъати уйи – дўстлик саройи”, Моҳигул Қосимованинг “Меҳри дарёлар” мақолалари ўрин олган. 

* * *

"Шарқ юлдузи" журналининг жорий йилдаги 4-сонида Маматқул Ҳазратқулов, “Олтмиш йиллик командировка” номли ҳикояси, “Назм“ рукни остида Омон Матжоннинг шеърий намуналари, Иқбол Мирзонинг “Илтимос”, “Довон” ҳикояси, Икром Отамуроднинг “Ишора” достони ўқувчилар мутолаасига ҳавола этилган. 

Шунингдек, журналдан ёзувчи Сойим Исҳоқнинг “Она йўлбарс ҳамласи ” қиссасининг сўнгги қисми тақдим этилган.

“Мушоира“ рукни остида Нодира Рашидова, Замир Мурод, Муҳайё Мирсаидова, Бобоқанд Мирзо, Шаҳзода Ҳакимова, Бегойи Айжон қаламига мансуб шеърий намуналар шеърият ихлосмандлари учун ҳавола этилди.

Журналнинг “Мутолаа“ рукни остида чоп этилган Шаҳло Ҳамроеванинг “Адабиёт кўприги” мақоласи, Расул Ҳамзатовнинг шеърлари ижод ихлосмандларига манзур бўлади.

ЎзА
1 033