ЎзА Ўзбек

17.10.2012 15:28 Чоп этиш версияси

Шарқ гавҳари

Юртимиздаги бой тарих ва маданиятга эга шаҳарлар орасида Самарқанднинг алоҳида ўрни бор. Қадимий ва ҳамиша навқирон, ер юзининг сайқали, Шарқ гавҳари деган таърифу тавсифларга сазовор бўлган бу шаҳар азалдан илм-фан, савдо ва ҳунармандчилик маркази бўлиб келган. Бу ерда халқимизнинг юксак ақл-заковати, бунёдкорлик салоҳиятини бутун дунёга тараннум этган буюк сиймолар камол топган.

Соҳибқирон Амир Темур Самарқандни ўзи барпо этган марказлашган қудратли давлатнинг пойтахти сифатида етти иқлимга машҳур қилган, Шарқнинг энг гўзал шаҳрига айлантирган. Мирзо Улуғбек асос солган астрономия мактаби туфайли бу маскан йирик илм-фан ўчоғи даражасига кўтарилган. Жаҳон мумтоз адабиётининг йирик намояндалари Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий Самарқандда таълим олиб, уни ўз асарларида энг гўзал сифатлар билан таърифлаганлар. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса “Бобурнома”да “Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳар камроқдур. Самарқанд шаҳри ажаб ораста шаҳредур…” деб ёзган.

Ватанимиз мустақиллиги Самарқанд шаҳри ҳаётида ҳам янги саҳифалар очди. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қадимий шаҳарнинг тарихи, маданиятини ўрганиш ва уни кенг тарғиб этиш, бу ердаги тарихий обидалар ва муқаддас зиёратгоҳларни асраб-авайлаш ва обод этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан 1996 йилда Президентимиз Ислом Каримов фармонига кўра Самарқанд шаҳрига Амир Темур ордени берилди. Ўша тарихий сана – 18 октябрь Президентимиз ташаббуси билан Самарқанд шаҳри куни, деб эълон қилинди.

Ўтган йилларда Регистон мажмуаси, Амир Темур, Руҳобод мақбаралари,Оқсарой, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Ҳазрати Хизр, Бибихоним масжидлари, Мирзо Улуғбек расадхонасида кенг кўламли таъмирлаш ва реконструкция ишлари бажарилди. Бу иншоотлар атрофида гўзал боғ ва хиёбонлар ташкил этилди. Натижада нафақат ўзбек халқи, балки бутун инсониятнинг бебаҳо бойлиги бўлган ушбу обидалар 2001 йилда ЮНЕСКО томонидан Жаҳон мероси рўйхатига киритилди.

Афросиёб тепаликларида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида топилган ашёлар Самарқанднинг 2750 йилдан зиёд тарихга эга эканлигини кўрсатди. ЮНЕСКО Бош конференцияси ҳамда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида 2007 йилда Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди.

– Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ шаҳримиздаги тарихий обидаларни таъмирлаш ва улар атрофини обод қилиш, замонавий бино ва иншоотлар қуришга алоҳида эътибор қаратилди, – дейди Республика Маънавият тарғибот маркази Самарқанд шаҳар бўлими раиси Тангир Сатторов. – Айниқса, Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги ва Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги муносабати билан қисқа вақт ичида мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган шаҳарнинг бош режаси асосида янги йўллар қурилиб, мавжудлари кенгайтирилди. Амир Темур ва Руҳобод мақбаралари, Регистон майдони, Шоҳи Зинда ёдгорлиги атрофидаги кўримсиз бинолар бошқа жойга кўчирилиб, уларнинг ўрнида гўзал ва сўлим хиёбонлар ташкил этилди. Шаҳримиз марказида Соҳибқирон бобомизнинг салобатли ҳайкали ўрнатилди. Тубдан қайта қурилган Тошкент кўчаси ва бу ердаги миллий ҳунармандчилик буюмлари, устахона ва савдо дўконлари бугунги кунда сайёҳларнинг севимли масканига айланган.

Шаҳарда ўндан зиёд янги боғ ва хиёбонлар ташкил этилиб, шаҳар табиати ва иқлимига мос дарахт кўчатлари ўтқазилди. Шаҳарнинг барча ҳудудларида замонавий лойиҳалар асосида яратилган, турли шаклга эга элликдан зиёд фаввора мавжуд. Ватанимиз мустақиллигининг йигирма бир йиллиги арафасида Регистон кўчасида қурилган янги, мусиқали фаввора Самарқанд кўркига кўрк қўшди. Булар Самарқанд шаҳрида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг бир қисми, холос.

Кейинги йилларда Самарқандда замонавий шаҳарсозлик анъаналари асосида амалга оширилган қурилиш-ободонлаштириш ишлари унинг қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди. Университет хиёбони, Регистон, Бўстонсарой, Тошкент, Мирзо Улуғбек, Беруний, Спитамен кўчаларида олиб борилган капитал реконструкция ишлари жараёнида йўллар кенгайтирилиб, коммуникация тизимлари тўлиқ янгиланди. Йўллар атрофидаги аҳоли турар- жойлари ва маъмурий бинолар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бугунги кун талаблари даражасида миллий ва замонавий архитектура уйғунлигида янгидан бунёд этилди. Бу ҳудудларда очиқ майдонларга майса экиш, манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Бундай бунёдкорлик ишлари жорий йилда Даҳбед кўчасида давом эттирилди. Мазкур кўчадаги эски бинолар ўрнида замонавий иншоотлар қад ростлади. Йўл кенгайтирилиб, замонавий ёритиш воситалари ўрнатилди. Супермаркет, маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, меҳмонхоналар, маҳалла марказлари бунёд этилди. Маъмурий бинолар ва ижтимоий соҳа объектлари янгича қиёфа касб этди.

Шаҳар аҳолисини уй-жой билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ҳар йили замонавий лойиҳалар асосида ўнлаб кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, аҳолига банк кредитлари ажратган ҳолда, имтиёзли нархларда сотилмоқда. Жумладан, бу йил шаҳарда 100 дан зиёд оила янги уй-жойларга эга бўлди. Айни пайтда Амир Темур кўчасида 328 ёш оилага мўлжалланган тўққизта кўп қаватли уй қурилиши давом этмоқда. “Ёшлар шаҳарчаси” деб ном олган ушбу масканда таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари қурилиши ҳам кўзда тутилган. Жорий йилда бу ерда 150 ўринли болалар мусиқа ва санъат мактаби фойдаланишга топширилди.

– Маҳалламизда кўп қаватли уйлар кўп. Лекин яқинда фойдаланишга топширилган 32 хонадонга мўлжалланган янги уй замонавий лойиҳа асосида қурилгани ва барча шарт-шароитларга эгалиги билан ажралиб туради, – дейди “Қадрият” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳамроқул Турсунов. – Хоналарнинг кенглиги ва жойлашуви халқимизнинг миллий турмуш тарзини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилган. Беш қаватли уйнинг биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари учун мўлжалланган. Бу аҳолига шу ернинг ўзида зарур кундалик эҳтиёж маҳсулотларини сотиб олиш ва хизматлардан фойдаланиш имконини бермоқда. Айтиш мумкинки, янги уйда янгича турмуш маданияти шаклланмоқда.

Шаҳар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, фаровонлигини таъминлашда, аввало, иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши, янги иш ўринлари яратиш муҳим ўрин тутади. Бу борада ҳам истиқболли дастурлар амалга оширилаётир. Бугунги кунда 900 дан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 270 мингдан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланган. Жорий йилнинг биринчи ярмида 7,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Уларнинг асосий қисми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Меҳнатда банд аҳолининг қарийб 72 фоизи ушбу тармоқда фаолият кўрсатаётгани кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига қаратилаётган доимий эътибор самарасидир.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва шаҳар иқтисодиётини мустаҳкамлашда Самарқанднинг бой туристик имкониятларидан ҳам самарали фойдаланилмоқда. Бугунги кунда шаҳарда 200 га яқин туристик фирма ва меҳмонхоналар хорижий ва маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. Самарқанд давлат чет тиллар институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Сартепа туризм ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ҳамда бошқа таълим муассасаларида соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрланмоқда. Самарқанд давлат музей қўриқхонаси қошида гид-таржимонлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари ишлаб турибди. 2011 йилда шаҳар ҳокимлиги ҳузурида “Самарқанд – туризм макони” корхонасининг ташкил этилиши туризм соҳасидаги муносабатларни мувофиқлаштириш ва мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Ўтган вақт мобайнида шаҳарда сайёҳлик билан шуғулланувчи ташкилотлар фаолиятини ўрганиб, ўзаро яқин ҳамкорликни йўлга қўйдик, – дейди ушбу корхона раҳбари Шероз Аббосов. – Ҳар бир меҳмонхона ва сайёҳлик фирмаси, мавжуд тарихий обида ва зиёратгоҳлар, диққатга сазовор масканларда сайёҳларга кўрсатилаётган хизмат турлари ва сифати атрофлича таҳлил этилмоқда. Шаҳар кўчаларида сайёҳлар учун ўзбек, рус ва инглиз тилларида махсус йўл кўрсаткичлар, аэропорт ва темир йўл вокзалида туристик харита ўрнатилди. Бу саъй-ҳаракатлар шаҳримизга келувчи сайёҳлар оқимини кўпайтириш, уларга кўрсатилаётган хизмат сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шаҳарда етмишдан зиёд умумтаълим мактаби, қирқта академик лицей ва касб-ҳунар коллежи, еттита олий ўқув юрти фаолият кўрсатмоқда.

Бу йил ҳам шаҳарда 18 октябрь – Самарқанд шаҳри кунини муносиб нишонлашга катта ҳозирлик кўрилди. Шаҳарнинг байрами муносабати билан маҳаллалар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда маданий-маърифий тадбирлар, адабий кечалар, хайрия тадбирлари уюштирилмоқда. Бир қатор савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли турар-жойлари фойдаланишга топширилмоқда.


ЎзА, Ғолиб Ҳасанов, Сарвар Ўрмонов (сурат)
13 238