ЎзА Ўзбек

15.03.2019 20:26 Чоп этиш версияси

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти минтақавий аксилтеррор тузилмаси – 15 ёшда​

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти минтақавий аксилтеррор тузилмаси – 15 ёшда​

Тошкент шаҳрида 15 март куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) ташкил этилганининг 15 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Унда ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари, дипломатик корпус, ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди.

Тадбирда тузилманинг экстремизм, сепаратизм, минтақада мавжуд муаммоларга ечим топиш, шу мақсадда халқаро тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантириш, ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлидаги фаолияти муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тузилма Ижроия қўмитасининг хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдаги ишини янада самарали ташкил этиш ва зарур шароит яратиш мақсадида Тошкентда ШҲТ МАТТнинг янги бир замонавий биноси барпо этилди. Тузилма ташкил этилганининг 15 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбир доирасида у тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Шу куни ШҲТ МАТТ Кенгашининг навбатдаги, ўттиз тўртинчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ҳиндистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси ваколатли органлари ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди.

Россия Федерацияси раислигида ўтган мажлисда ШҲТ МАТТ Кенгашининг ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашига тақдим этиладиган 2018 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маъқулланди. ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг 2016-2018 йилларда терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашда ШҲТга аъзо давлатларнинг ҳамкорлик дастури ижроси бўйича фаолияти якунлари муҳокама қилинди.

Тадбирда ШҲТ МАТТ Кенгаши қарорлари ижросига доир маълумотлар кўриб чиқилди. ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари экспертларидан иборат қўшма ишчи гуруҳи ҳамда ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси вакилларининг 2017-2018йилларда интернет тармоғидан террористик, сепаратистик ва экстремистик мақсадларда фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш, уларнинг олдини олиш, бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга доир фаолияти ижобий баҳоланди.

2019 йилда ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг ҳамкорликдаги “Сари-Арка – Аксилтеррор – 2019” машғулотлари, “Бирдамлик – 2019-2021” чегара амалиётининг биринчи босқичи, ШҲТга аъзо давлатлар чегара хизматлари раҳбарларининг еттинчи мажлиси ҳамда ташкилотга аъзо давлатлар мутахассислари учун интернет тармоғидан террористик, сепаратистик ва экстремистик мақсадларида фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш, уларнинг олдини олиш, бартараф этиш бўйича семинар-тренинг ўтказиш юзасидан қарорлар қабул қилинди.

ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг ўтган даврдаги фаолиятига ижобий баҳо берилди.

ШҲТ МАТТ фаолиятини ривожлантириш ва ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун ШҲТ МАТТда ўз фаолиятини якунлаган Хитой Халқ Республикаси вакили Ли Вэй ҳамда Покистон Ислом Республикаси вакили Тасним Асламга “ШҲТга аъзо давлатнинг ШҲТ МАТТ Кенгашидаги фахрий вакили” унвони берилди. ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг қатор ходимлари Кенгашнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик нишонлари билан тақдирланди.

ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси фаолиятини ташкилий, кадрлар ва молиявий жиҳатдан таъминлаш масалалари бўйича қарорлар қабул қилинди.

ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг навбатдаги мажлисини 2019 йил сентябрь ойида Россия Федерациясида ўтказишга келишиб олинди.

Кенгаш мажлиси амалий, конструктив ва дўстона руҳда ўтди.

5.JPG

10.JPG

11.JPG

14.JPG

15.JPG

17.JPG

27.JPG

Улуғбек ШОНАЗАРОВ, ЎзА мухбири
4 478