Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 21:30 Чоп этиш версияси

Шам ёғдусида ўқиб, изланиб жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган аждодлар ворисларимиз

Наманганда “Ахборот ресурс марказларининг аҳволи, ёшларнинг китобга бўлган эҳтиёжини қондиришдаги ўрни: муаммо ва ечимлар” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

– Гап мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишда. Зеро, шам, қорачироқнинг хира ёғдусида ўқиб, ижод қилиб, жаҳон илм-фани, маданияти ва санъат тарихида ўчмас из қолдирган аждодлар ворисларида бугунгидай замонавий шароитда мутолаа ва китобхонлик маданиятининг оқсаб қолишини ҳеч бир баҳона билан оқлаб бўлмайди. Бу борадаги тарғибот ишларини, аввало, оиладан бошлаб, кенг жамоатчилик миқёсида изчилликда давом эттириш шарт, – дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зиёвиддин Мансуров.

Дарҳақиқат, бугун вилоятда китобхонлик учун барча имкониятлар муҳайё. Жумладан, Нодира номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази 570 мингга яқин китоб фондига эга. 12 мингга яқин китобнинг электрон нусхаси мавжуд. Ушбу зиё маскани йилига 20 мингдан зиёд китобхонга хизмат кўрсатмоқда.

Шунингдек, вилоят халқ таълими бошқармаси тизимида 212 минг, олий таълим вазирлиги муассасаларида 647 минг ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизимида 3 миллион нусхадан зиёд китоб фондига эга ахборот-ресурс марказлари фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда вилоятда 36 китоб дўкони фаолият кўрсатаётган бўлса, яқин келажакда 54 та янги китоб дўкони қурилиши режалаштирилган.

Семинарда вилоятда ноширлик ва матбаа фаолиятини такомиллаштириш, китоб тарғиботи билан боғлиқ кўплаб масалалар юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида вазифалар белгилаб олинди.

Акромжон Сатторов, ЎзА
4 478