ЎзА Ўзбек

05.12.2018 19:33 Чоп этиш версияси

Шахматчиларимиз муносиб тақдирланди

Шахматчиларимиз муносиб тақдирланди Туркияда дунёнинг 39 мамлакатидан 46 жамоа иштирок этган Жаҳон ўсмирлар олимпиадасида шахматчиларимиз Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Украина, Венгрия, Польша ва Молдова каби мамлакатларнинг кучли терма жамоаларини мағлубиятга учратди. Фақат АҚШ терма жамоасига кичик ҳисобда имкониятни бой берди, якунда 9 имкониятдан 8 очко жамғариб, олимпиада ғолибига айланди.

Ўзбекистон шарафини халқаро гроссмейстер мураббий Саидали Йўлдошев раҳбарлигида Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Ситора Сапарова муносиб ҳимоя қилди.

Мазкур мусобақада халқаро тоифадаги спорт устаси Нодирбек Ёқуббоев 9 имкониятдан 8 очко жамғариб, ўз тахтасида олтин медалга сазовор бўлди. Халқаро тоифадаги спорт устаси Шамсиддин Воҳидов эса 8 имкониятдан 7,5 очко жамғариб, тўртинчи тахтада олтин медални қўлга киритди.

5.jpg

Шу муносабат билан ўзбек шахмат мактабини кўкларга кўтарган умидли спортчиларимизни тақдирлашга бағишланган анжуман ўтказилди.

Ўзбекистон шахмат федерацияси мутасадди раҳбарлари, турли вазирлик ва идора вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда истеъдодли шахматчиларимиз мусобақадаги иштироки ва таассуротлари ҳақида йиғилганларга сўзлаб берди.

– Ҳар бир баҳсда бизга бўлган ишончни ҳис қилиб турдик, – дейди Нодирбек Ёқуббоев. – Мусобақадаги барча учрашувлар кескин ва муросасиз ўтди. Келгусида жаҳон ва қитъа чемпионатларида Ўзбекистон шарафини янада кўкларга кўтаришга интиламиз.

Тадбир якунида музаффар спортчиларимиз шахмат федерацияси томонидан эсдалик совғалари ва пул мукофоти билан тақдирланди.

8.jpg

13.jpg


Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
5 176