ЎзА Ўзбек

02.04.2018 16:55 Чоп этиш версияси

Шаҳрисабзда туманлараро эндокринология бўлими иш бошлади

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси тасарруфида 20 ўринга мўлжалланган туманлараро эндокринология бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Мазкур тиббиёт маскани 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига “Шўртангазкимё” мажмуаси қурувчилари томонидан қайта реконструкция қилиниб, атрофи ободонлаштирилди. Малакали тиббиёт ходимлари билан таъминланди. Асосийси, беморларнинг тез ва самарали даволаниши учун қулай шароит яратилди.

Лаборатория ва физиотерапия хоналари замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Мазкур шифо маскани эндиликда нафақат Шаҳрисабз шаҳри, балки Чироқчи, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманлари аҳолисига ҳам хизмат кўрсатади.

– Бўлимнинг очилиши ҳудудда эндокринологик касалликларнинг олдини олиш ва уларни камайтириш, қолаверса, узоқ тоғли ҳудудларда яшовчи аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга хизмат қилади, – дейди Қашқадарё вилояти эндокринология диспансери бош шифокори Динора Алиева. – Энди мазкур ҳудудлар аҳолиси ихтисослаштирилган юқори малакали даволаш муолажаларини шу ернинг ўзида олади.

Ўлмас Баротов, ЎзА
6 402