Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.09.2018 19:17 Чоп этиш версияси

Шаҳрисабзда мақом музейи очилди

Шаҳрисабзда мақом музейи очилди Мусиқачилар тасвири туширилган фриз – эрамиздан аввалги I асрга тааллуқли ёдгорлик. У 1937 йилда Сурхондарё вилоятининг Айритом мавзесида олиб борилган археологик қазишмалар чоғида топилган.

Чанг ва уд мусиқа асбобларини чалаётган аёллар ҳайкалчалари акс этган ёдгорлик айни пайтда Санкт-Петербургдаги Эрмитаж давлат музейида сақланади. Бу каби тарихий ашёлар ўлкамизда мусиқа илми жуда кўп асрлар муқаддам шаклланганидан далолат беради.

3 (1).JPG

Мақом санъати тарихи ҳақида қимматли маълумотлар берувчи фотосурат ва ҳужжатлар...

Буларнинг барчаси билан Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилган мақом музейида танишиш мумкин.

Бу ердаги экспонатларни томоша қилар экансиз, аждодларимиз мусиқа санъати мероси билан ҳамнафас бўласиз. Улар амалга оширган эзгу ишларни қалбан ҳис этасиз. Аслида ушбу музейни ташкил қилишдан мақсад ҳам шу. Келажак авлодларни халқимизнинг бой санъат тарихидан, улкан мусиқий меросидан кенгроқ хабардор қилишдир.

7.JPG

– Музейлар моддий ва маънавий меросни асраш, уни авлодлардан авлодларга етказишга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова. – Мақом музейига кирган киши мақомнинг қандай шакллангани, қандай турлари борлиги, унинг тарихи қандай бўлгани, ижрочилари кимлар экани, уни ижро этишда қандай мусиқа асбоблари ишлатилгани, умуман, мақом тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлади. Муассаса беш бўлимдан иборат. Биринчи бўлим мусиқа тарихи, деб номланди. Чунки Ўзбекистон ҳудудида мусиқа санъати мақом билан боғлиқ. Буни ўлкамиздан топилган тарихий осори-атиқалар исботлаб турибди. Масалан, зардуштийлик дини билан боғлиқ остадонлар. Уларда арфа мусиқа асбобини чалаётган аёл тасвирланган. Бу ёдгорликнинг асл нусхаси Санкт-Петербургдаги Эрмитаж давлат музейида сақланади. Музейимизга унинг кўчирма нусхаси қўйилган.

10 (1).JPG

Мутахассиснинг таъкидлашича, мақом санъати ривожланиши уч-тўрт даврга бўлинади. Биринчи тарихий давр – XIII асргача. Бу даврда мақом яхши ривожланган. Иккинчи давр – XIII-XV асрлар, яъни Мирзо Улуғбек даври бўлиб, бунда мақом тизимли равишда ривожланган. Учинчи давр XVI-XIX асрлар бўлиб, унда мақомда маҳаллий хусусиятларни кўриш мумкин. Шу боис, музейдаги биринчи бўлим мақом тарихига бағишланган бўлса, иккинчи бўлим Бухоро шашмақоми, деб номланган. Кейингиси эса Фарғона–Тошкент мақоми, сўнг Хоразм мақоми бўлими билан танишиш мумкин. Охиргиси XX асрда шаклланган Сурхондарё–Қашқадарё мақоми бўлимидир.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА