ЎзА Ўзбек

14.09.2020 Чоп этиш версияси

Шаҳрисабзда камбағалликни қисқартириш: имконият, ҳаракат ва натижа

 Шаҳрисабзда камбағалликни қисқартириш: имконият, ҳаракат ва натижа

Давлатимиз раҳбари парламентга йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимиздаги камбағаллик даражаси 12-15 фоиз атрофида эканини маълум қилган эди. Бу 4-5 миллион аҳоли етарли даромад манбаига эга эмаслигини, ижтимоий ҳимояга муҳтожлигини билдиради. Таҳлилларга кўра, ана шу юртдошларимизнинг бир кунлик даромади 10-15 минг сўмдан ошмас экан...

Бу қатламдаги инсонларнинг шу аҳволга тушиб қолишига турли сабаблар кўрсатиш мумкин. Аслида уларни шу вазиятдан чиқариш учун зарур чоралар кўриш мақсадга мувофиқ. Дейлик, улар ҳаётини ўрганиш, таҳлил қилиш ва илмий асослаш, бу борада тизимли ишлар қилиш керак.

Бир гуруҳ журналистлар бу борада амалга оширилаётган ишларни Қашқадарё вилояти мисолида ўрганди. ЎзА ижодий гуруҳининг навбатдаги манзили Шаҳрисабз шаҳри бўлди.

photo_2020-09-13_22-29-09.jpg

Шаҳрисабзда 139,5 минг аҳоли истиқомат қилади. Рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 4 минг 240 та. Шундан кичик бизнес субъектлари сони 1 минг 491 та бўлиб, 595 таси ёки 40 фоизи сўнгги 3 йилда ташкил этилган. Якка тартибдаги тадбиркорлар сони 2 минг 749 тани ташкил этмоқда.

2019 йил ташкил этилган 336 та янги кичик бизнес субъектидан 52 таси (12 фоизи) фаолият кўрсатмаяпти. Шундан, 27 таси ҳисобрақам очмаган, 19 таси ихтиёрий тугатиш жараёнида, 6 таси оборотсиз корхона ҳисобланади.

Шаҳрисабзда ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик

Шаҳрисабз шаҳридаги собиқ 35-автобаза ҳудудида 1,1 гектар майдонда ташкил этилаётган Технопарк қурилиш ишлари билан танишдик. Ушбу Технопарк 8 та лотдан иборат бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 11 миллиард 600 миллион сўм.

Технопаркда мебель, минерал сув ишлаб чиқариш ва қадоқлаш, шахсий гигиена воситалари (тиббий ниқоблар ва тиббиёт қўлқоплари), газоблок, қурилиш материаллари (шпатлёвка, родбон), МДФ эшик ва ромлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Технопарк бино-иншоотлари аҳолига ноқулайликлар туғдирмаслиги учунзамонавий шовқин ўтказмайдиган сендвич панеллардан фойдаланилган ҳолда барпо этилади.

Президентимизнинг2018 йил 29 мартдаги қарори билан Шаҳрисабз шаҳри “Уймовут” МФЙдаги собиқ Гулистон ширкат хўжалиги трактор парки ўрнида 1,96 гектар майдонда Кичик саноат зонаси ташкил этилган.

Мазкур саноат зонаси 11 та лотдан иборат бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 9 миллиард 988 миллион сўмни ташкил этади. 95 та янги иш ўрни яратилган. Кичик саноат зонаси учун яратилган иш ўрни кам албатта.

Кичик саноат зонаси ҳудудида қуёнчилик кластери, қурилишда бўёқ ва пардозлаш маҳсулотлари, ҳар хил турдаги иситиш қозонлари ишлаб чиқариш, евро девор плиталари ва брусчаткалар, мебель ишлаб чиқариш, ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ва бошқа лойиҳаларамалга оширилмоқда. 

photo_2020-09-13_22-29-26.jpg

Кичик саноат зонасидаги ер майдони 11 тадбиркорлик субъектига ажратиб берилган. Ҳар бир тадбиркорга ишлаб чиқариш қувватига қараб 5 сотихдан 11 сотихгача ажратилган. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 200 миллиондан 800 миллионгача бўлиб, тадбиркорлик субъекти ишлаб чиқариш қувватига қараб белгиланади.

Кичик саноат зонаси таркибидаги “Раҳимқулов Жафарбек” масъулияти чекланган жамияти мавсумий иситиш қозонлари ишлаб чиқарувчи корхона фаолияти билан танишдик.

Илгари ижара асосида фаолият олиб борган корхонага шаҳар ҳокимлиги томонидан Кичик саноат зонаси ҳудудидан ер ажратилди. Бунинг натижасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми кенгайиб, даромад ошди. 8 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Иситиш қозонининг қулайлиги шундаки, тежамкор газда, ўтинда ва кўмирда ҳам ишлайди. Иситиш қозони 35-40 литргача сув сиғимига эга бўлиб, тез қизиш хусусиятига эга. Ушбу иситиш печларидан мактаб, боғча ва бошқа объектларда фойдаланилади.

Корхона раҳбарининг қайд этишича, сиғими жиҳатдан 4 хил турдаги иситиш қозонлари ишлаб чиқарилмоқда. Нархи эса сиғимига қараб 3 миллион 700 сўмдан 4 миллион сўмгача белгиланган. Айни пайтгача 47 та иситиш қозони ишлаб чиқарилган бўлиб, куз-қиш мавсуми бошланиш арафасида ишлаб чиқариш ҳажми 2-3 баробар кўпаяди.

Тўйларга кўрпа-тўшак тикиб, “темир дафтар”дан чиққан оила

Шаҳрисабз шаҳридаги “темир дафтар”га кирган хонадон вакиллари билан суҳбатлашдик.

Ўрганиш жараёнида амин бўлдикки, чекка ҳудудлардаги аҳолининг аксарияти томорқасида деҳқончилик қилиб, ўз ҳаётини ўнглаб олган. Шунингдек, оилавий тадбиркорлик, фермерлик билан шуғулланиб, чорвачилик, асаларичилик ва паррандачиликни йўлга қўяётган, иссиқхона барпо этиб, қишин-ёзин турли неъматлар етиштираётган хонадонлар сафи ҳам кенгайиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, пандемия даврида шаҳардаги 2 минг 367 оила “темир дафтар”га киритилган.

Файзобод маҳалласидаги Отабек ака Расулов мавсумий ишларда ишлаб, рўзғор тебратар эди. Пандемия сабаб уйда ўтириб қолди. Шаҳар мутасаддилари томонидан “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси шаҳар филиалига ишга жойлаштирилди. Аёли “жигар циррози” билан касалланган. Шаҳар ҳокимлиги томонидан қуриб берилган икки сотих иссиқхонада онаси ва аёли экин экиб сотишмоқда. Бу ҳам қўшимча даромад. Онахоннинг айтишича, биринчи ҳосилдан 300 килограмм бодринг сотилган.

photo_2020-09-13_22-29-30.jpg

Сариосиё маҳалласида яшовчи 64 ёшни қаршилаган Шаҳодат ая Болтаева оиласи ҳам жўжабирдай жон. Ҳовлида 3 хўжалик яшайди. Уч нафар ногирон фарзанди, келинлари, неваралари билан ҳисоблаганда 10 дан ортиқ киши.

Пандемия даврида шаҳар мутасаддилари томонидан ушбу оила ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳомийлик ёрдамлари етказиб берилган. Шунингдек, 1 миллион сўмдан бир марталик пул маблағлари тарқатилган. Яқинда оилага саховатпеша инсонлар сигир совға қилди.

Оиланинг ўз ҳунари бор. Шаҳодат ая ва уларнинг келинлари тўй кўрпа-тўшакларини тикиб, оилага даромад келтиради. Хонадон келини қўли гул бичувчилардан, ўз ишининг устаси. Карантин юмшатилгач, тўй мавсуми бошланмоқда. Оилага деярли ҳар куни буюртма бор. Ҳаракат қилган кам бўлмайди, дейишади. Оиланинг ўз талабига мувофиқ ушбу хонадон “темир дафтар”дан чиқарилди.

4 нафар аёлнинг уйи таъмирлаб берилди

Шаҳрисабз шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Шаҳло Раҳмонованинг сўзларига кўра, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида пандемия даврида оғир шароитга тушиб қолган, озиқ-овқатга муҳтож, вақтинчалик иш ўрнини йўқотган 1 минг 657 нафар эҳтиёжманд оилага 114 миллион 179 минг сўмлик босқичма-босқич 8 турдаги кейинчалик 6 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиеник воситалар тарқатилди.

Шаҳрисабз шаҳрида ҳам аҳоли бандлиги, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларга эътибор кучайтирилди. 52 та оғир шароитли хотин-қизнинг 42 нафари ишга жойлаштирилди.

Йил бошидан иш сўраб мурожаат этган жами 860 нафар хотин-қиздан 191 нафарининг бандлиги таъминланди. 205 нафари ишсиз, деб эътироф этилиб, шундан, 490 нафари жамоат ишига жалб этилган, 83 нафари касбга йўналтирилган, 23 нафари ижтимоий ҳимояга олинган ва ишсизлик нафақалари тўлаб келинмоқда.

photo_2020-09-13_22-29-17.jpg

Ҳозирги кунда шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан 122 нафар кредит олиш истагида бўлган уй бекаси ва ишсиз хотин-қизларнинг рўйхатлари шакллантирилди, ушбу лойиҳалар ҳисобидан келгусида 216 та иш ўрни яратилади.

Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 4 нафар аёлнинг уйлари таъмирлаб берилди. 54 нафар соғлиғида муаммоси бор хотин-қизга дори-дармон олишлари учун нақд пул берилди.

Хўп, камбағаллар «темир дафтар»дан чиқариляпти, шу билан иш битдими? Энди улар холидан хабар олинмайдими? Йўқ, аксинча, токи ҳар бир фуқаро даромад топиш йўлига кирмас экан, унинг ҳолидан хабар олинаверади, керак бўлса пул топиш усуллари ўргатилади. Бу борада ҳудудларда сектор раҳбарлари, айниқса, маҳаллий ҳокимлик вакиллари бир сония бўлсин эътиборни сусайтирмайдилар, деган умиддамиз.

2 755
Нурилло НАСРИЕВ, Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА