ЎзА Ўзбек

05.06.2018 11:40 Чоп этиш версияси

Сежонг университети талабаси Азизбек Юлдашев талабаларни чет элда ўқитишни моддий таъминлаш ҳақидаги ғоясини айтди

Сежонг университети талабаси Азизбек Юлдашев талабаларни чет элда ўқитишни моддий таъминлаш ҳақидаги ғоясини айтди
“...айрим билимга чанқоқ ёшларнинг интилиши ва изланишига ундаги моддий имкониятнинг етарли эмаслиги тўсқинлик қилади”.

Орамизда уйғоқ фикрли, юртимиз тараққиёти учун ўзини дахлдор сезадиган ёшлар жуда кўп. Наманган вилояти Норин туманилик Азизбек Юлдашев – улардан бири. Азизбек ҳозирда Жанубий Кореядаги Сежонг университетининг Давлат бошқаруви йўналишида 3-босқичда таҳсил олмоқда.
У яқинда “meningfikrim.uz” портали орқали ўзининг янги ғоя ва таклифини билдирди. У талабаларни чет элда магистр ва докторлик илмий даражаси учун ўқитишни моддий таъминлаш ҳақида фикр билдирган.

Қуйида унинг ўзи бу ғояни шундай изоҳлаб беради:

– Мамлакатимизда кўпгина соҳаларда малакали кадрлар етишмовчилиги яққол кўзга ташланмоқда. Бунинг сабаблари турлича: айрим билимга чанқоқ ёшларнинг интилиши ва изланишига ундаги моддий имкониятнинг етарли эмаслиги тўсқинлик қилади. 

Маълумки, ривожланган давлатларда олий таълимни ривожлантириш учун талабаларга махсус грантлар ажратилади. Бу усул ўзини тўла оқламоқда ҳам. Демак, бизни ҳам ривожланган давлатлар тажрибасини амалда қўллашимиз вақти келди.

Шу боис мен талабаларни бакалаврдан кейинги таълимда магистр ва фан докторлик даражасига эга бўлишлари, илмий салоҳиятларини оширишлари учун чет эл университетларида ўқитишнинг молиявий қўллаб-қувватлаш лойиҳасини таклиф этаман.

Лойиҳани амалга ошириш учун энг аввало, соҳа ва тармоқлар бўйича квоталарни белгилаб олиш зарур. Бунда соҳадаги илмий ва малакавий кадрлар етишмовчилиги ва уларга бўлган талабни эътиборга олиш керак.

Соҳалар бўйича чет элда магистр ва докторликка ўқишни истайдиган талабгор талабаларни танлаб олишда онлайн имтиҳон тизимини яратиш ва бу имтиҳонда инсон аралашувини бекор қилиш керак. Имтиҳонларни эса икки босқичда – ёз ва қиш ойларида ўтказилиши мақсадга мувофиқ. Чунки чет элларда қабул жараёни йилда икки марта – баҳор ва куз ойларида амалга оширилади. Ёзда грант ютган талаба баҳорги семестр, қишда грант ютган талаба баҳорги семестрдан бошлаб ўқий бошлайди.

Соҳалар бўйича чет эл олий ўқув юртларини танлаб олиш ва улар билан шартнома белгилаш ҳам ушбу лойиҳанинг энг муҳим талабларидан бири. Агар талабанинг хоҳиш-истагига қараб олий ўқув юртлари белгиланса, ҳар бир университетнинг шартнома тўлови турлича бўлганлиги сабабли бу ерда нохолислик ва нотенглик ҳолати юзага келиши мумкин.

Албатта, юқорида айтиб ўтганимдек, талабаларни чет элда ўқитишни молиявий жиҳатдан таъминлаш учун фонд ташкил этилади ва ушбу фонд маблағларини ихтиёрий равишда фондга аъзо бўлган оилалар томонидан қопланади. Бунда оилаларни мажбурий тўлов қилишга ундамаслик, фонд учун ойлик тўлов суммасини олдиндан белгилаш, фондга аъзо оилалар учун имтиёзлар бериш лозим. Шуни ҳам унутмаслик керакки, фондга аъзо оилалар фарзандлари учун “Фонд грантлари” ажратилиши ва улар ўқишни тугатиб, юртимизга қайтиб келганларида, уларни мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш таъминланиши зарур.

Фонд маблағларини қабул қилишда ҳар бир оила учун махсус ҳисоб рақам яратиш ёки банк карталари ҳисобидан “Фонд учун” белгиланган санада ечиб олинадиган автоматик тўлов тизимини яратиш, оила фарзандлари учун фонд грантини ажратишда иқтисодий прогноз асосида грант олиш учун талаб этиладиган йилни белгилаш ҳам талаб этилади. Бундан мақсад пул йиғиш эмас, балки талабанинг ҳақиқатдан ҳам чет элда ўқиши учун моддий асос бўлишига эришиш.

Фонд грантига эга бўлиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар сонини оширмаслик керак. Менинг назаримда, талабанинг фуқаролик паспорти, ўқишга кирганлиги тўғрисида маълумотнома ва тўлов шартнома суммасини тасдиқловчи ҳужжатларнинг ўзигина етарли.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун икки хил грант турини таклиф этиш мумкин. Булар – контракт пули учун грант ва чет элда яшаш учун грант. Чунки тўлиқ грант асосида қабул қилинган талабаларга контракт пулини тўлаш шарт эмас, шунинг учун улар чет элда яшаш учун грантга ариза топширишлари мумкин.

Шуни ҳам эътиборда тутиш керакки, фонд маблағлари эвазига чет элда магистрлик ва докторлик илмий даражасини олган талаба ўқишни битирганидан сўнг мажбурий 5 йил давомида Ўзбекистонда ишлаб бериши керак ва бу қонун лойиҳасига киритилиши лозим. Акс ҳолда талабанинг грант фондидан у учун ажратилган пулни қайтариши шарт эканлиги шартнома талабларида акс этмоғи керак.

Албатта, мазкур лойиҳани амалга ошириш ва янада мукаммал ҳолга келтириш жамоатчилик томонидан билдирилган турли фикр-мулоҳаза ва муносабатларга ҳам боғлиқ. Ўйлайманки, бу таклиф мамлакатимизни ҳар жиҳатдан тараққий топтириш ва билимли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги муҳим қадам бўлади.

Санжарбек Ҳамидов ёзиб олди

ЎзА
23 582