ЎзА Ўзбек

25.04.2019 Чоп этиш версияси

Сергелидаги янги мактаблар 2019-2020 ўқув йилидан иш бошлайди

Сергелидаги янги мактаблар 2019-2020 ўқув йилидан иш бошлайди

Пойтахтимизнинг Сергели туманида ҳам кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, янги мавзелар аҳолига топширилмоқда. Табиийки эндиликда бу мавзеларда яшовчиларнинг таълим муассасаларга ҳам эҳтиёжи ортади. Шу боис аҳолига қулайлик яратиш мақсадида туманда тўртта янги умумтаълим мактабини қуриш ишлари бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбай Раматов, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев, қурилиш вазири ўринбосари Козим Тўлаганов мактабларнинг қурилиши олдидан ташкил этилган тадбирда иштирок этди.

Маълум бўлишича, замонавий лойиҳалар асосида қурилаётган мактабларнинг ҳар бири бир ярим минг ўқувчига мўлжалланган. Ушбу мактаблар 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб биринчи ўқувчиларни қабул қилади. Мазкур ўқув муассасаларининг ишга туширилиши Сергели туманида қурилаётган мавзелар атрофида жойлашган юқори коэффициентли мактаблардаги вазиятнинг яхшиланишини таъминлайди.

Шу билан бирга, жорий йилда юқори коэффициентли 267- ва 303-мактаблар учун инвестиция дастури доирасида 360 ўринли қўшимча бино қурилиши ҳам режалаштирилган.

1 762
Б.Мелиқулова, ЎзА