ЎзА Ўзбек

31.07.2018 19:07 Чоп этиш версияси

Сергели туманидаги мактаб ошхоналари қачонгача эски тизимда ишлайди?

2017/2018-ўқув йилида Сергели туманида мавжуд 25 та умумтаълим мактаб ошхонаси санитария-гигиена текширувидан ўтказилганда, 15 та таълим муассасасида хизмат кўрсатиш сифати қониқарсиз экани аниқланган.

Ҳадемай, янги – 2018/2019-ўқув йили бошланади. Хўш, мактаб ошхоналарида иш олиб бораётган тадбиркорлар бу жараёнга тайёрми? Болалар учун янги овқатланиш рациони тузилдими ёки ҳар йилгидек тартибсиз емакхоналарда сифатсиз овқатлар сотиладими? Ўтган йили аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш учун халқ таълими бошқармаси қандай чораларни кўрди?

34 та хусусий тадбиркор ва фирма ҳамда 15 та умумтаълим мактаби директорлари иштирок этган тендерда айни шу жиҳатлар иштирокчилар диққат марказида бўлди. Очиғи, бу жараёнда тадбиркорлардан ва мактаб директорларидан тайинли таклифлар бўлишига умид қилган эдик. Афсус, ҳаммаси ўша-ўша – эски тизимда. Янада аниқроқ қилиб айтсак, бугунгача амалда бўлган эскича “буфет” тизими. Тендерда битта мактабга 2 нафар тадбиркор даъвогарлик қилишининг ўзи қандайдир янгилик бўлишига умидни оширганди. Бироқ, на хизмат кўрсатувчи ва на хизматдан фойдаланувчи томон янги ташаббус ва лойиҳа билан чиқмади. Ҳаммаси яна аввалгидек. Аммо бу йилги тартибга асосан, мактаб ошхоналарида хизмат қилувчи фирмаларга қўйилаётган талаб ошган.

Хусусан, умумтаълим мактабларидаги ошхоналар капитал таъмирдан чиқарилади. Овқатланиладиган стол ва стуллар янгисига алмаштирилади. Иссиқ овқат ва ширинликлар тайёрланадиган электр печлар замонавийсига ўзгартирилади. Энг муҳими, болаларга тортиладиган емаклар уларнинг саломатлигига умуман салбий таъсир кўрсатмаслиги шарт.

Хўш, янги ўқув йилида Сергели туманидаги умумтаълим мактаблари ошхонаси янги шаклга ўтадими ёки эскича тизимда ишлайверадими? Ушбу саволларга яна 4 кундан сўнг – 5 августда жавоб оламиз. ЎзА сайтини кузатиб боринг.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

ЎзА
5 046