ЎзА Ўзбек

28.08.2018 19:48 Чоп этиш версияси

Сергели туманида 605,7 миллиард сўмлик 87 лойиҳа амалга оширилади

Сергели туманида 605,7 миллиард сўмлик 87 лойиҳа амалга оширилади Пойтахтимизда Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Сергели туман Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Н.Умаров, Сергели тумани ҳокими Н.Ҳусанов, сенаторлар, депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этган тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсадлар доирасида барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари зиммасига ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласи юклатилгани алоҳида таъкидланди.

Президентнинг жорий йил 15 августдаги “Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ҳукумат, вазирликлар, идоралар ва шаҳар ҳокимлиги зиммасига пойтахтнинг инвестициялар жалб этувчанлигини ошириш бўйича қатор муҳим вазифалар юклатилган эди.

1.jpg

Мажлисда ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳининг ахбороти тингланди. Шунингдек, масъул вазирлик ва идоралар, туман ҳокимлиги раҳбарларининг белгиланган вазифаларни ижро этиш чора-тадбирлари ҳақида берган маълумотлари муҳокама қилинди. Шу кунга қадар 4 та сектор кесимида ишчи гуруҳи томонидан туманнинг 36 маҳалласида 49 минг 845 хонадон эгалари муаммолари ўрганилди. Бандликни таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш, соғлиқни сақлаш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, ободонлаштириш ҳамда йўлларни таъмирлаш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва манзилли моддий ёрдам кўрсатиш каби аниқланган 1 минг 255 масаланинг 446 таси тегишли тартибда бартараф этилган. Бу жараён давом этмоқда.

Тадбирда жорий йилда ҳудуддаги кўп қаватли уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича олиб борилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, 36 маҳалладаги 210 кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш ишлари жорий йил 30 сентябрга қадар тугатилади. Бунинг учун кредит, бюджет маблағлари ҳисобидан 16,1 миллиард сўм ажратилган. Бироқ ушбу муаммога тез фурсатда чора кўриш лозимлиги бўйича соҳа ходимларига зарур топшириқлар берилди.

6.jpg

Мутахассислар томонидан 2018 йилда Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида жами 605,7 миллиард сўмлик 87 лойиҳа амалга оширилиши, ушбу лойиҳалар ҳисобига 1 минг 840 янги иш ўрни яратилиши хусусида маълумот берилди. Туманнинг 2018-2019 йиллар хорижий инвестиция дастурида 13 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Унинг умумий қиймати 490,3 миллиард сўмни, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори 36,6 миллион долларни ташкил этади. Ушбу лойиҳалар асосида 1 минг 139 янги иш ўрни яратилади. Бугунга келиб 424 иш ўрни яратилган бўлиб, қарийб 9 миллион долларлик хорижий сармоя ўзлаштирилди.

Айни пайтда Сергели туманида метро линияси, кўп қаватли уйлар қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда. Хусусан, “Чоштепа” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳар бири 70 хонадондан иборат 60 та 7 қаватли уй қурилиши давом этмоқда. Улар яқинида замонавий спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, тиббиёт, дам олиш масканлари, кутубхона, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилади.

Тадбирда туманни комплекс ривожлантириш, аҳолини ташвишга солаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ижросини парламент, депутатлар ва жамоатчилик томонидан назорат қилишни таъминлаш чоралари тўғрисида қўшма қарор қабул қилинди.

Абдулазиз Мусаев, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
3 288