ЎзА Ўзбек

29.05.2020 Чоп этиш версияси

Серғайрат аёлга қойил: Ҳам оила, ҳам дала ишлари бадастур

Серғайрат аёлга қойил: Ҳам оила, ҳам дала ишлари бадастур

Бухоро шаҳрида яшовчи Хурсанд Раҳмоновани кўпчилик меҳнаткаш, деҳқончиликни ҳадисини олган тадбиркор сифатида яхши билади.

Хурсанд опа ерга меҳр бериб бировдан кам бўлмади. У бундан 14 йил муқаддам Отбозор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 1.6 гектар ерда «Анори ғурбин+» фермер хўжалигини ташкил қилган эди. Бу жой ташландиқ, янтоқзор аҳволда эди. 1 гектар майдондаги боғда ҳам узумнинг бозоргир бўлмаган навлари етиштирилган. Опанинг айтишича, шу жой ҳам ғирт чакалакзорнинг ўзи бўлган.

Янги фермер токзорни бузиб олмазорга айлантирди. Қолган ерда ҳам озиқ-овқатбоп маҳсулотлар етиштира бошлади. Орадан 2 йил ўтар-ўтмас, тармоқни кенгайтиришга киришди. Шаҳар ичида 65-йўналиш автомобиллари қатновини йўлга қўйди. 2009 йилдан бошлаб «Ташаббус» кўрик-танловида қатнаша бошлади. Ўтган йиллар давомида у танловнинг вилоят ва шаҳар босқичларида фахрли ўринларни олиб келмоқда.

2010 йилга келиб фермер хўжалиги майдони яна 1.8 гектарга кўпайди. Айни пайтда эса хўжалик таркибида 4 гектар ер бўлиб, ундан 3.5 гектари экин майдонлари ҳисобланади.

–Ерга чин дилдан меҳр берсанг, меҳнатдан қочмасанг, ер сени боқади, – дейди Хурсанд Раҳмонова. – Ҳаётим давомида нимагаки эришган бўлсам, ҳаммаси ҳалол меҳнат ортидан. Лекин бугунги фермер турғун бўлиб қолмаслиги керак. Ундан изланувчан бўлиши талаб этилади. Малака ошириш учун 4 марта Туркиянинг Коня, Бурса шаҳарларида, Хитойда бўлдим. У ерлардан янгича технологиялар харид қилдим. Чет элликларнинг иш услубининг фойдали томонларини ўзлаштирдим. Натижада 60 сотих ерда иссиқхона қуриб, унда помидор, бодринг, лавлаги етиштиряпмиз. Дарвоқе, гулчилик билан ҳам шуғулланаман.

Хурсанд опа ҳақиқий тадбиркор. Унинг бу борада қўлидан келмайдиган ишнинг ўзи йўқ. У балиқчилик билан ҳам шуғулланяпти. Экин ерларига кираверишдаги йўллар четини ҳам бўш қўймайди. Узумзор ташкил қилган. Ишкомлардаги ғўралар мўл ҳосил ваъда қиляпти.

Фермернинг кўплаб маҳсулотлари экспорт қилиняптию, лекин асосан опани анор етиштиришдаги маҳоратини қадрлашади. У ҳар йил 30 сотихдаги 100 туп анордан мўл-кўл ҳосил олади. Чет эллик сайёҳлар бу ерга тез-тез келиб туради. Улар ҳар бир донаси 1-1.2 кило келадиган анорларни кўриб ва ўзлари узиб ейишни хуш кўришади.

Х. Раҳмонова 2019 йил банкдан 25 миллион сўм кредит олиб, бройлер товуқларини етиштиршни ҳам бошлаб юборди. Айни пайтда катакларда 1500 бош товуқ парваришланмоқда. Бундан ташқари, аҳолига хизмат кўрсатиш учун пахта тароқлаш цехи ва озиқ-овқат магазини ҳам ишлаб турибди. Оғилхона ва қўйхона эса ҳали бирор марта бўшаб қолмаган. Қизиғи, Хурсанд опа ҳар бири йилига 4 та қўзичоқ берадиган зотдор қўйларни парваришлаб келади.

Бундай серғайрат аёлга қойил қолмасликнинг иложи борми? Ҳам оила, ҳам дала ишлари...

Дарвоқе, Хурсанд опа 2014 йил нафақага чиққач, хўжаликни ўғли — Равшан Розиқовга топширди. Аммо болаликдан меҳр қўйган даласидан кўнгил узолмади. Ишни ўзи назорат қилади. У мен иш юритувчи деб сояда ўтирмайди. Опанинг қўлидан ўроғу кетмон тушмайди. Унинг ҳозирги асосий нияти 2 гектар ер олиб, анор етиштиришни кенг йўлга қўйиш. Ўйлаймизки, унга бу борада тегишли мутасаддилар қўлларидан келган ёрдамни кўрсатишади. Яқин келажакдаги режалар шулардангина иборат эмас, Хурсанд опа дорихона, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, гўзаллик салони, сартарошхона, болалар ўйингоҳи, ошхона қурмоқчи. У бу ишларни бошлаб ҳам юборган. Тўғрироғи, керакли қурилиш ашёларининг деярли бари келтирилган.

OʼzLiDeP Бухоро вилояти кенгаши фаоллари Хурсанд Раҳмонованинг томорқадан унумли фойдаланишдаги тажрибасини яна бир бор ўрганиб, бошқаларга намуна қилиб кўрсатмоқда. Биз бир мақола билан унинг фақатгина фермер, тадбиркорлигини ёритишга уриндик. Ҳолбуки Хурсанд опа жамоат ишларида ҳам фаол. У OʼzLiDeP Бухоро шаҳар кенгаши «Аёллар қаноти» фаоли, «Бунёдкор аёллар» лойиҳаси шаҳар босқичи ғолибаси, «Ишбилармон аёл» кўрик-танлови фаол иштирокчиси, «Анори ғурбин+» бошланғич партия ташкилоти раиси ҳамдир.

Обид ҚЎЛДОШОВ,
OʼzLiDeP Бухоро вилоят
Кенгаши матбуот котиби

2 894
ЎзА