Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2017 12:12 Чоп этиш версияси

Сенаторлар ва депутатлар Ғаллаорол туманидаги 600 дан ортиқ хонадонда бўлиб, одамлар билан мулоқот ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларининг Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги ўн кунлик ўрганишининг натижалари халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ҳамда фаоллари иштирокида муҳокама қилинди.

Шу муносабат билан ташкил этилган халқ депутатлари туман Кенгашининг сессиясида Президентимиз томонидан аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизм ва самарали усулларини жорий этиш юзасидан белгилаб берилган вазифалар Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланаётгани таъкидланди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев раҳбарлигида Жиззах вилоятидан сайланган депутатлар ва Сенат аъзолари Ғаллаорол туманидаги шаҳарча, қишлоқ, маҳалла ҳудудларидаги корхона, ташкилот, муассаса ҳамда 600 дан ортиқ хонадонда бўлиб, одамлар фикри ва уларни қийнаётган муаммоларнинг ечимига эътибор қаратилгани ҳақида сўз юритилди. Мулоқотларда маҳалла фаоллари, тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, мулкдорлар, тиббиёт ходимлари, педагоглар ва ёшлар фаол иштирок этган.

Сессияда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ўтказилган учрашув ҳамда очиқ мулоқотлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолига муносиб меҳнат ва яшаш шароити яратишга хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашувларда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, фуқаролар томонидан 800 га яқин масала ўртага ташланган. Ушбу масалаларнинг 150 дан ортиғи жойида ҳал этилган. Ўрганиш давомида мамлакатимиз даражасида ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни тегишли давлат органлари билан биргаликда бартараф этиш чоралари кўрилади. Жумладан, Сангзор дарёсидан шағал қазиб олиниши натижасида йигирмадан ортиқ қишлоқда экологик вазиятнинг бузилишини бартараф этиш юзасидан тегишли вазирликларга сўровномалар юборилади.

Ижтимоий, иқтисодий соҳаларда ислоҳотларни амалга ошириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишларга танқидий баҳо берилди. Хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш даражаси пастлиги, қатнаб ўқийдиган ўқувчиларга транспорт ажратилмаётгани, коммунал ва савдо хизмати, энергия таъминоти, йўлларнинг ҳолатини яхшилашдаги аҳвол жиддий танқид қилинди. Аҳоли турмуш даражасини ошириш, ҳудудни ободонлаштириш бўйича дастурни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

– Парламент аъзолари иштирокида ўтказилган ҳар бир учрашув ва мулоқот туманимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ғаллаорол тумани ҳокими Абдурашид Йўлдошев. – Билдирилган барча масалалар бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Аҳолини ўйлантираётган муаммолар албатта ўз ечимини топади. Муаммоларнинг ҳал этилиши туман инфратузилмаси ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилади.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
4 218






Все о погоде - Pogoda.uz