ЎзА Ўзбек

10.09.2019 Чоп этиш версияси

Сенатор: “Тўй-ҳашамларни қисқартиришда раҳбар ходимлар шахсий намуна кўрсатишлари лозим”

Сенатор: “Тўй-ҳашамларни қисқартиришда раҳбар ходимлар шахсий намуна кўрсатишлари лозим”

Мақсуда Ворисова, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

Одам яралибдики орзу-ҳавас билан яшайди. Ўзида йўқ нарсаларга эга бўлишни, атрофдагиларда ҳавас уйғотишни истайди. Орзу-хаёлларидан чўпчак тўқийди ва чўпчакка аввало ўзи ишонади. Аксарият эртакларимиз “қирқ кечаю қирқ кундуз тўй бериб, мурод-мақсадларига етибди”, деган жумла билан якунланади. Ҳаётимиз фаровонлашиб боргани сайин орзуларнинг кўлами ҳам кенгайиб, ўзимиз орзунинг қулига айланиб қолаяпмиз.

Айниқса, тўйларимиз ва бошқа маросимларимиз меъёрни билмаслигимиз оқибатида аксар оилаларга қувонч ўрнига ташвиш олиб келмоқда.

ХХ аср бошларида яшаган маърифатпарвар Абдулла Авлоний: “Бизни илмсизлик, тарбиясизлик, тўй деб мингларча ақчаларни беҳуда исроф этмаклик оғир аҳволга солди. Ағниё ва сарватдорларимиз тўй пойгаси қилиб, фақир ва камбағалларимиз бор-йўқлариға қарамасдан уйларини, боғларини, тўнларини сотиб тўйга сарф қилмакдадурлар. Тўй деган ерда муқаддас ватанини сотишдан тоймайдиган, истиқболини ўйламаган ва болаларининг саодатини тушунмаган бир қавмдан қандай тараққий, маданият ва маърифат кутмак керак?”, дея надомат билан ёзган, бу иллатлардан қутулмоқ йўлларини излаган эди.

Биз ўзбекларнинг бошқа миллатлардан ажралиб турувчи одатимиз меҳмондўстлигимиздир. Лекин, доноларимиз айтганидек, ҳар нарса ҳаддидан, меъёридан ошса, ўзининг зиддига айланиши ҳаётда кўп марта исботланган. Шунга қарамай, “Ҳаётда бир мартагина бўладиган тўй-маросимларни тўкис ўтказиш керак” деган фикрга маҳкам ёпишиб оламиз-у, маънавий ўпирилишлар ҳақида кўпам қайғуравермаймиз. Моддиятни бирламчи санаб, оила, никоҳ, фарзанд тарбиясидек муқаддас бурч олдида масъулият ҳиссини йўқотган ёшларнинг (катталарнинг ҳам) маънавий сўқирлиги сабаб ё ота ё она меҳридан мосуво бўлиб ўсишга маҳкум этилаётган гўдакларнинг ўксик тақдири наҳотки ҳеч кимни қизиқтирмаса?..

Ҳазрат Навоий бобомиз дейдиларки: “Исроф сахо эмас ва итлоф (йўқотиш, барбод қилиш) ни маъно аҳли сахо демас. Яъниким, исроф қилиш — сахийлик эмас, ўринсиз совуришни ақлли одамлар сахийлик демаслар”.

“Ҳалол молни куйдирганни девона дерлар”.

“Ёруғ жойда шам ёққанни ақлдан бегона дерлар”.

Барчамиз гувоҳи бўлаётганимиз ва бир чеккада жимгина кузатаётганимиз, баъзи оилаларда динимизнинг кўрсатмалари, мутафаккирларнинг ўгитлари унутилган ёки уларга унча эътибор берилмайди. Эътибор берса ҳам, исрофни ёмонлигини билишса ҳам “мен сендан кам эмасман”, деб ўзимизни бошқаларга кўрсатишга интилиш авжга чиқмоқда.

Натижада бундай оилаларда етишмовчилик, танқисликлар ва бундан келиб чиқадиган кўнгилсизликлар авжга минади, тотувлик, меҳр-оқибат йўқолади. Айрим оилаларда йиллар давомида катта машаққат ва меҳнат билан топган маблағларини ном чиқариш учун, сохта обрў қозониш мақсадида, бир кунда ортиқча маросимлар, дабдабали тўйларга баъзида эса ҳаром ишларга сарфлаб юбориш ҳолатлари ҳануз давом этяпти.

Аслида бу пуллар таниш-нотаниш одамлар бир кунда еб кетадиган зиёфатларга, ортиқча хою ҳашамларга эмас, оила фаровонлиги, фарзандлар таълим-тарбияси учун ишлатилиши зарур. Неча йиллардан бери жамиятимиздаги ана шу иллатга чек қўйиш, исрофгарчиликларни олдини олиш, аҳоли маблағларини оилага манфаат келтирадиган ишларга сарфлашни мақсад қилиб тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Баъзида аҳвол сал яхшилангандек бўлади-ю, бироз ўтиб ҳашамга ўчликнинг янги кўриниши урфга киради. Демак, бу соҳада давлат томонидан меъёрий ҳужжат қабул қилинишига эҳтиёж мавжуд. Чунки кўпчилигимиз камхарж тўй маросимлар тарафдори бўлсак ҳам атрофдагилардан андиша қиламиз, хасисликда, қурумсоқликда айблашларидан қўрқамиз.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз электорати манфаатлари ҳимояси йўлида, хусусан, аҳоли кенг қатламлари талаб-истакларини ўрганиб, оилалар фаровонлигини таъминлаш, улардаги ажралишларнинг олдини олиш, меҳнат билан топилган маблағларни фарзандлар камоли учун сарфлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан меъёрий ҳужжат ишлаб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблайди.

Сенат томонидан қабул қилиниши лозим бўлган меъёрий ҳужжатда қуйидаги масалаларга аниқ ечим берилиши лозим:

Биринчидан, Сенат томонидан мамлакатимизда тўй ва бошқа маросимларда ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймаслик, исрофгарчиликнинг олдини олиш, сохта обрў қозониш мақсадида, бир кунда ортиқча маросимлар, дабдабали тўйларга барҳам бериш, ҳар бир ҳудуднинг ўз яхши анъаналарини ҳисобга олган ҳолда, тўй ва маросимларнинг аниқ меъёрини белгилаш ҳақида қарор қабул қилиниши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Иккинчидан, никоҳланувчилар ўртасида иккала томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилган, оилавий ҳаётда ва ажрим рўй берган ҳолатда бажарилиши зарур бўлган вазифалар аниқ белгиланган “Никоҳ шартномаси” тузилиши мажбурий жорий этилиши зарур.

Учинчидан, тўй қилувчи иккала тараф ўртасида томонларнинг вазифалари ва мажбуриятлари аниқ кўрсатилган, Олий Мажлис Сенати Қарори талаблари асосида тузилган “Тўй шартномаси” амалга татбиқ қилиниши керак.

Тўртинчидан, тўй ва бошқа маросимларнинг Сенат қарори асосида ўтказилиши назорати маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ҳудудий ички ишлар органлари томонидан назорат қилиниши керак.

Бешинчидан, барча жамоат ташкилотлари, вазирликлар, оммавий ахборот воситалари томонидан аҳоли орасида дабдабабозлик ва исрофгарчиликка қарши тарғибот ишлари олиб борилиши керак.

Олтинчидан, бу ишларда барча даражадаги раҳбар ходимлар шахсий намуна кўрсатишлари лозим.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий мақсади халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш ва фарзандларимизнинг бахтли келажак эгалари бўлишидир!


3 623
ЎзА