Сенатда атом билан боғлиқ қонун маъқулланди
Дунё бўйича электр энергиясига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда.
Дунё бўйича электр энергиясига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, мамлакатимизда иқтисодий тараққиёт, аҳоли сони ва турмуш фаровонлигининг ўсиши натижасида электр энергиясига бўлган эҳтиёж 2030 йилга келиб 117 миллиард кВТ соатга етади.
Таъкидлаш лозимки, республикамиз иқтисодиёти ва аҳолисининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжи энергиянинг қайта тикланмайдиган манбаларидан фойдаланиш ҳисобига қопланмоқда. Мамлакатимиз энергия манбаи сифатида табиий газга қарам. Чунки ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 85 фоизи айнан табиий газ орқали қопланади.
Ваҳоланки, мамлакатимизда уран хомашёсининг улкан захираси мавжуд. Шундай бўлсада амалда атом энергетикаси салоҳияти ишга солинмаган.
Олий Мажлис Сенати йигирма биринчи ялпи мажлисида “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқиш жараёнида шу ҳақда сўз юритилди.
Сенаторлар мамлакатимизнинг амалдаги қонунчилигида атом энергиясидан фойдаланишни тартибга солувчи махсус норма мавжуд эмаслиги соҳа ривожи йўлида турли қийинчиликларни вужудга келтираётганини қайд этди.
Бугунги кунда атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни қонун доирасида тартибга солиш масаласи ўта муҳим ва долзарб экани айтиб ўтилди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.