ЎзА Ўзбек

23.08.2019 Чоп этиш версияси

Сенат: Тазйиқ ва зўравонликка дуч келган хотин-қизларга ҳимоя ордери берилади

Сенат: Тазйиқ ва зўравонликка дуч келган хотин-қизларга ҳимоя ордери берилади

Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.

Қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган.

photo5404472402596965104.jpg

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек тазйиқлар ва зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашдан иборат.

Жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга экани назарда тутилмоқда:

Хотин-қизлар ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисида ариза билан тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;

махсус марказларда, шунингдек бепул ишонч телефони орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;

ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда уларни бу ҳақда хабардор қилиш;

содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш талаби билан судга мурожаат этиш.

Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Қонунда, шунингдек, ҳимоя ордерини бериш ва унинг муддатини узайтириш, тазйиқ қурбонларига нисбатан ҳимоя ордери, ҳимоя ордери мазмуни, шунингдек ҳимоя ордерида назарда тутиладиган чекловлар назарда тутилмоқда.

photo5404622704977488781.jpg

Бундан ташқари, ваколатли органлар ҳамда тазйиқлар 
ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ташкилотлар тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчиларига тиббий, ҳуқуқий, ижтимоий, руҳий ва бошқа ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказлар ташкил этиши мумкин.

Тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчиси махсус марказга жойлаштирилган тақдирда, унинг иш жойи сақлаб қолинади.

Зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахс хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши ҳам қонундан ўрин олмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

4 406
Норгул Абдураимова, Темур МАДАМИНОВ (сурат), ЎзА