Сенат раиси: Ўзбекистонда 5 миллион аҳоли камбағалликда ҳаёт кечирмоқда
Бу муаммога барҳам бериш чоралари кўрилади.
Бу муаммога барҳам бериш чоралари кўрилади. Кўпчиликни қийнаб келаётган прописка масаласи эса шу йил 1 апрелга қадар ҳал этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари учун ўқув-семинари ташкил этилди.
Президент топшириғига асосан ташкил этилган тадбир ҳокимликлар масъулларининг билимларини ошириш, аҳоли билан иш олиб боришда тажрибасини ошириш, ҳатто журналистлар билан мулоқот қилиш маданиятини шакллантиришга қаратилган. Ўн кун давом этадиган ўқув-семинарида иштирокчиларга Президент маслаҳатчиси, Сенат раиси, Қонунчилик палатаси Спикери, ҳукумат аъзолари, вазирлар, ташкилотлар, йирик тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари машғулот олиб боради.
Тадбирда сўзлаган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Президентимизнинг халқимизга йўллаган мурожаатномасида кўтарилган масалалар, уларни ҳал этиш чораларига эътибор қаратди.
– Халқимиз фаровонлигини ошириш мурожаатномада кўзда тутилган бош мақсаддир, – деди Т.Норбоева. – Давлатимиз раҳбари бу йўналишда қандай муаммолар борлиги билан бир қаторда уларнинг ечимларини ҳам кўрсатиб берди. Аслида фаровонлик ҳар бир инсоннинг нормал ҳаёт кечириши учун барча шароити яхши бўлишидир. Ҳаммада шундай имконият бор, дея оламизми? Афсуски, йўқ. Шу маънода Президентимиз камбағаллик ҳақида бежиз тўхталмади. Чунки бу муаммо мамлакатимизда мавжуд. Илгари ижтимоий соҳада ишлаганим учун ҳам мен буни яхши билсам-да, “камбағаллик йўқ”, деб айтиш мумкин эмас эди. Биз буни “кам таъминланганлик”, деб хаспўшлаб келдик. Ҳолбуки, бугун Ўзбекистонда 5 миллион аҳоли камбағалликда ҳаёт кечирмоқда. Муаммони очиқ айтишдан мақсад-муддао эса унга барҳам бериш учун барча чораларни ишга солишдир.
Сенат раиси жамиятдаги мавжуд муаммолар ечимида ҳар бир тизим ўз вазифасини тўлақонли бажариши мақсадга мувофиқлигини қайд этди. Айниқса, шу мақсадда маҳаллий кенгашлар фаолияти кучайтирилади. Бунинг учун зарур шароит яратилади. Ҳудудлардан сайланган сенаторлар эса бу борада уларга раҳбарликни амалга оширади.
Халқимиз ҳаёт даражасининг ошишининг муҳим омилларидан бири – тадбиркорлик экани маърузачи томонидан алоҳида эътироф этилди. Шу мақсадда одамларга зарур кўмак кўрсатиш, соғлом рақобатни таъминлаш ва кучайтириш даркор. Бу монопол соҳаларни ҳам қамраб олиши керак. Экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ. Шунда иқтисодиётимиз ривожланади. Ҳозирча эса биз жаҳон иқтисодиёти нуқтаи назаридан қараганда, рақобатбардош эмасмиз.
Давлатимиз раҳбари одамларни қийнаб келаётган яна бир муаммо – прописка ҳақида алоҳида тўхталгани ҳақида Сенат раиси ўз фикрини билдириб ўтди. Дарҳақиқат, бу аҳолининг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланишга оид конституциявий ҳуқуқини чеклаб келган. Шу боис масала шу йил 1 апрелгача ҳал этилади.