ЎзА Ўзбек

21.05.2020 Чоп этиш версияси

Сенат раиси нега Каттақўрғонга борди?

Сенат раиси нега Каттақўрғонга борди?

Жорий йилнинг 13 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари пандемия шароитида Самарқанд вилоятини иқтисодий ривожлантириш, жумладан Каттақўрғон шаҳрида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга тўхталган эди.

Шундан сўнг республика вазирлик ва идоралари, давлат қўмиталари масъулларидан иборат ишчи гуруҳ Каттақўрғонга келиб, шаҳарда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича дастур лойиҳасини ишлаб чиқди.

Бугун Каттақўрғонга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ташриф буюрди. Сенат раиси ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган объектларда бўлди.

photo_2020-05-21_21-49-56.jpg

Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова Республика Президенти билан бўлган мулоқотда шаҳарда иккита институт ташкил этиш таклифини илгари сурган эди. Педагогика йўналишидаги олийгоҳ ташкил этиш учун собиқ академик лицей биноси тавсия этилди. Мазкур бино ўқув корпуси, кутубхона, талабалар турар-жойи ва спорт майдончасидан иборат комплекс мажмуа бўлиб замонавий талабларга жавоб беради.

Шунингдек, транспорт коллежи ўрнида шу номдаги қурилиш ва транспорт соҳасида олий ўқув юрти ташкил этиш мўлжалланяпти.

Танзила Норбоева шаҳардаги “Ёғ-мой” акциядорлик жамиятини бориб кўрди.

Дастурга биноан жамиятга туташ бўш ер майдонида кичик саноат зонаси бунёд этиш режалаштирилмоқда.

photo_2020-05-21_21-50-04.jpg

Танзила Норбоева шунингдек, Давлатобод кўчаси атрофида қуриладиган кўп-қаватли уйлар режа-лойиҳаси билан танишди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, Каттақўрғон шаҳрини ривожлантириш бўйича 8 та йўналишни қамраб олган ишчи гуруҳлари тузилган эди.

Булар шаҳарни ривожланишини режалаштириш ва ҳудудини кенгайтириш имкониятлари, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти самарадорлигини ошириш, Инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, Озиқ-овқат хавфсизлиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишининг олдини олиш, давлат бюджети ижросини таъминлаш ва даромадлар манбаларини кенгайтириш масалалари ҳамда маданият, спорт, таълим каби иқтисодий ижтимоий мавзулардаги йўналишларни ўз ичига олади.

photo_2020-05-21_21-50-17.jpg

6 263
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА