ЎзА Ўзбек

09.08.2018 20:07 Чоп этиш версияси

Сенат қўмитаси фаолияти таҳлили

Миллий матбуот марказида Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг жорий йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти муҳокама қилинди, чора-тадбирлар режаси ҳақида айтилди. 

Ўтган олти ойда бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисларига тайёргарлик жараёнида қўмита томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Ўрмон тўғрисида”ги ва “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонунлари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонуни талаблари давлат назорат органлари томонидан ижро этилишини ўрганиш давомида қатор муаммолар аниқланди. Жумладан, ветеринария соҳасида 1300 дан зиёд олий маълумотли кадрга эҳтиёж мавжуд, республикада чорвачиликка ихтисослашган 5 мингдан ортиқ фермер хўжалигида ва 2 мингга яқин паррандачилик хўжалигида ветеринария врачи штат бирлиги жорий этилмаган.

Жорий йил февраль ойида Қўмита томонидан “Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалиги соҳаси самарадорлигини оширишда илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари ролини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида конференция ўтказилди. Конференцияда аграр соҳанинг бугунги ҳолати, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришга ғов бўлаётган тўсиқларни бартараф этиш йўллари, шу жумладан, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ресурслари ва воситаларидан самарали фойдаланишнинг илмий-методик асосларини мустаҳкамлаш, замонавий бозор механизмларини жорий этиш масалалари муҳокама этилди.

Ўтган даврда жойларда бевосита деҳқонлар билан фаол иш олиб борилди. Масалан, ҳосилдорликни ошириш ва томорқа ерлардан аҳолининг фойдаланишини ўрганиш мақсадида март ойида Қашқадарё вилоятига амалга оширилган сафар вақтида вилоятда ташкил этилган ишчи гуруҳлар билан биргаликда 2064 фермер хўжалигига ажратилган далаларда кузги бошоқли экинлар етиштириш, аҳолининг 64 минг 957 та томорқа еридан фойдаланиш ҳолати ўрганилди. Шундан 899 тасидан самарасиз фойдаланилаётганлиги аниқланди. Ўрганиш натижалари юзасидан фермерлар ва аҳоли билан кенг тушунтириш ишлари олиб борилди ва, энг асосийси, мавжуд муаммоларни бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Сув таъминоти оғир бўлган Шовот, Янгиариқ, Қўшкўпир ва Хива туманларида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи батафсил ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таъсирчан чоралар кўрилди.

Тадбирда журналистлар саволларига жавоб берилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
9 636