ЎзА Ўзбек

13.08.2018 18:59 Чоп этиш версияси

“Сен ҳам фаол ёшлар сафидасан!” лойиҳасида иштирок этган 200 дан ортиқ ёш мутахассис ишга жойлаштирилди

Навоийда вилоят ҳокимлиги, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши ҳамкорлигида “Бизнинг энг катта таянчимиз ва суянчимиз, ҳал қилувчи кучимиз ёшлар” шиори остида форум ўтказилди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган форум доирасида бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар, очиқ мулоқотлар ҳам бўлиб ўтди.

Навоий давлат педагогика институтида ўтказилган “Ёшлар бандлигини таъминлаш энг муҳим вазифамиз” мавзусидаги очиқ мулоқот ана шулардан бири.

Вилоят ҳокимлиги вакиллари, партия фаоллари, депутатлар, талаба-ёшлар ва журналистлар иштирок этган мулоқотда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурида навқирон авлод камолоти йўлида яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ёшларнинг муаммо ва таклифлари тингланди.

Партиянинг ҳудудий кенгаши томонидан жорий йил июль ойида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида “Сен ҳам фаол ёшлар сафидасан!” лойиҳаси ўтказилиб, унда “Ёш либераллар” ҳамда тарғиботчилар гуруҳи аъзолари ишсиз йигит-қизларнинг муаммоларини ўрганиш билан бирга, жойларда тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларидаги бўш иш ўринлари ҳақида маълумот йиғилган эди. Натижада лойиҳада иштирок этган 200 дан ортиқ ёш мутахассис ишга жойлаштирилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган 45 йигит-қизга банк кредити ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, вилоят ҳокими томонидан 10 нафар ёш тадбиркорга имтиёзли кредит ажратилиши белгиланди. Зарафшон шаҳрида фаолият олиб бораётган “Ёш ихтирочилар“ клуби учун вилоят ҳокимининг махсус жамғармасидан 10 миллион сўм берилди.

– Давлатимиз томонидан биз, ёшларнинг ихтиролари, ташаббус ва ғоялари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, – дейди клуб раҳбари Т.Аҳмадов. – Тўгарагимизда 50 нафардан ортиқ ёш ихтирочи ўзи яратган инновацион лойиҳаларни янада такомиллаштириб келмоқда. Бизга ажратилган маблағдан унумли фойдаланиб, уни клубимиз фаолиятини яхшилашга сарфлаймиз. Энг муҳими, энди марказимиз расмий рўйхатдан ўтказилиб, махсус ҳужжатлар тақдим этиладиган бўлди.

“Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳамда “Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятида бўлиб ўтган навбатдаги тадбирда ёшлар қўшма корхоналар ҳамда замонавий буғ-газ қурилмалари фаолияти билан танишди.

Навоий шаҳридаги “Амфитеатр” мажмуасида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган гала-концертда санъаткорларнинг Ватан, мустақиллик ва тинчликни тараннум этувчи куй-қўшиқлари кўнгилларни хушнуд этди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
4 084